Андижон 24

Шуҳратбек АБДУРАҲМОНОВ: ЁЛҒОН МАЪЛУМОТ БИЛАН АҲОЛИНИ ЧАЛҒИТМАНГ


20.07.2020   17947

Андижон вилояти ҳокими журналистлар учун навбатдаги брифинг ўтказди. Коронавирус пандемияси билан боғлиқ вазият юзасидан турли асоссиз маълумотлар тарқалишига барҳам бериш мақсадида ташкил этилган брифингда бугунги кунда аҳолини қизиқтираётган энг долзарб саволларга тўлиқ ва объектив маълумот берилди.

“Дўстлик” пости омили

Маълумки, Андижон вилояти республикамизнинг энг шарқий ҳудуди ҳисобланади. Қирғизистон билан 415 километр умумий чегара мавжуд. Шундан келиб чиқиб инфекция тарқалишининг олдини олиш мақсадида қайси ҳудудда яшашидан қатъий назар Ўзбекистон фуқаролари “Дўстлик” божхона-чегара пости орқали қабул қилиниб, Андижонда назорат-профилактика текширувидан, зурур ҳолларда даволаш муолажаларидан ўтказилмоқда. Айнан шулар ҳисобига вилоятга оид статистик маълумотлар бир қарашда юқорига ўхшайди. Аслида эса вазият бошқа вилоятдагиларга нисбатан анча ижобий.

Демак, 16 мартдан бошлаб Андижон вилоятида коронавирус хасталигига чалинган 738 нафар фуқаро қайд этилган. Шундан 363 нафари четдан кириб келганларни ташкил этади. Буткул соғайганлар сони эса 425 кишига, яъни 58 фоизга тенг.

Бугунги кунга вилоятда 313 нафар бемор даволанмоқда. Икки нафарининг ҳолати оғир, 6 нафариники ўрта оғир, дея баҳоланмоқда. Қолганлари қапниқарли ҳолатда. Кеча 31 нафари соғайган бўлса, бугун 20 нафари хасталикдан буткул қутилди. Назоратдагиларнинг аҳволидан келиб чиқиб, ҳар куни соғайганлар сони ортмоқда.

Давлат ҳеч нарсани аямайди

Коронавирус хасталиги билан курашиш учун давлатимиз томонидан барча зарур маблағлар, куч ва моддий ресурслар жалб этилмоқда. Дори-дармон, озиқ овқат, қўшимча жойлар заҳираси яратилган. Вилоят ҳокими бу хусусда тўхталар экан, тўрт минг нафар беморни даволаш учун уч ойга етарли дори воситалари ва озиқ-овқатлар заҳираси яратилганини маълум қилди. Бу эса бугунги кунда даволанаётган беморлар сонидан қарийб 14 баробарга кўп демакдир. Шу билан бирга ҳозирнинг ўзида 2 минг нафарга беморга мўлжалланган тиббиёт муассасалари ҳозирлаб қўйилган. Яна 10 минг нафар одамни қабул қилиш қувватига эга иккинчи даражали жойлар тайёрланмоқда. Қўшимча равишда шифокорлар ва ўрта тиббиёт ходимлари махсус тайёргарлик доирасида ўқитилмоқда.

Бу пандемия шу даражага етиб боради дегани эмас, албатта. Тиббиёт ходимлари ҳақиқий ватанпарварлик намуналари кўрсатиб астойдил курашмоқдалар. Гиппократ қасамига содиқ шифокорларнинг бирортаси содда қилиб айтганда, чарчадим, дегани йўқ. Аксинча, энг олижаноб касб эгалари шу кунларда 24 соатли иш тартибига ўтдилар. Уларнинг меҳнатини рағбатлантириш, зарур техника, алоқа воситалари, жиҳозлар билан таъминлаш бўйича доимий чоралар кўрилмоқда. Куни кеча “Тез тиббий ёрдам” хизмати учун 16 та янги амбуланс машиналари келтирилди. 500 та мобиль телефон аппаратлари, рациялар берилди. Маҳаллий бюджет ҳисобидан мукофот пуллари таъсис қилинди.

Тест олиш ва текшириш

Шу кунга қадар вилоятда 104 минг фуқародан вирус бўйича тест олинди. Санитария эпидемиология осойишталиги марказида қўшимча лаборатория ташкил этилди. Шундай лаборатория ОИТСга қарши кураш марказида ишга туширилди. Тадбиркорлар томонидан бугун кечга яқин Жанубий Кореядан касалликни тезкор равишда аниқловчи тестлар олиб келинади. Иккита хусусий шифохона – “Соғлом табассум” ва “Фарм стандарт”да эртага тест таҳлилини амалга оширувчи ускуналар ишга туширилади. Таҳлиллар биринчи навбатда касаллик аломатларига гумон қилинаётган фуқаролардан олинади. Профилактика мақсадидаги мурожаатларни қабул қилишда ҳеч қандай таниш-билиш, мансаб ва пул аҳамиятга олинмайди.

Call марказлар ҳақида

Пандемия шароитида ижтимоий ҳимояга муҳтожлар учун кол марказлар фаолият кўрсатиб келмоқда. Волонтерлар икки йўналишда: тиббий маслаҳатлар бериш ва озиқ-овқат, дори дармон етказиб бериш йўналишида ишламоқда. Ҳозирда 3,5 миллиард сўмлик озиқ-овқат заҳираси мавжуд.

“Кези келганда шуни ҳам айтиш зарурки, айрим ноинсоф фуқаролар сигарет, ароқ келтириб беринглар, дея мурожаат қилмоқдалар”, -деди вилоят ҳокими.

Ҳаёт тўхтаб қолмайди

Пандемия даври қачон якунланиши номаълум экан, шу шароитда яшаш, меҳнат қилишга ўрганишимиз керак. Барча эҳтиёт чораларини қўллаган ҳолда ишлаб чиқариш, қурилиш, саноат ва бошқа соҳаларда режаларни бажаришга алоҳида аҳамият берилади.

-Олти ойлик якунларга кўра ижобий натижаларга эришдик, - дейди Ш.Абдураҳмонов. – Бу йилги қурилиш кўлами ҳар қачонгидан салмоқли бўлиши кутилмоқда. Янги янги текстиль корхоналари ишга тушириляпти. Вақтинча ишсиз қолганлар шу объектларда, шу корхоналарда ишга жойлашишлари мумкин.

Инсон руҳ билан, кайфият билан яшайди

Ўтган дам олиш кунлари вилоят аҳолиси юқори интизом намойиш этиб, уйда қолди. Пандемия занжирини узиш учун зарур эди бу чора. Бунинг учун вилоят ҳокими ўз миннатдорлигини билдириб, юқори кайфиятда меҳнат қилиш, карантин талабларига онгли равишда амал қилишга чақирди.

-Инсон руҳ билан, кайфият билан тирик, - деди вилоят ҳокими Ш.Абдураҳмонов. – Бу синовдан ҳамжихатликда албатта, мувваффақиятли ўтамиз. Ноўрин, чалғитувчи маълумотлар билан аҳолининг кайфиятини туширманг. Ҳар қандай мулоқотга, саволга жавоб беришга тайёрман.

«auz.uz» online гуруҳи.