Андижон 24

Шуҳратбек Абдураҳмонов: “ҲИСОБ-КИТОБГА АСОСЛАНГАН БИЗНЕС-РЕЖА ТАДБИРКОРГА ҲАМ, ХАЛҚҚА ҲАМ ФОЙДА КЕЛТИРАДИ”


18.08.2022   1462

Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов тадбиркорлар, маҳаллаларга бириктирилган ҳоким ёрдамчилари ҳамда тадбиркорликни ривожлантиришга алоқадор ташкилотлар раҳбарлари билан учрашди.

Учрашувда кейинги йилларда мамлакатимизда тадбиркорликни янада ривожлантириш, бунинг учун зарур шарт-шароитлар, ишбилармонлик муҳитини яратишга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги таъкидланди.

Ҳар томонлама ҳисоб-китобга асосланган бизнес-режа тадбиркорга ҳам, халққа ҳам фойда келтиради, юртимиз иқтисодиётини юксалтиришга хизмат қилади, – деди вилоят ҳокими. – Шундай экан асосли лойиҳаларни амалга ошириш аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтириш ва ҳудудлар инфратузилмасини яхшилашда муҳим аҳамият касб этади.

Президентимизнинг 2021 йил 3 декабрдаги “Маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш бўйича давлат сиёсатининг устувор йўналишлари тўғрисида”ги фармонига асосан жорий йилнинг 1 январидан Андижон вилоятидаги 888 та маҳалла фуқаролар йиғинида ҳоким ёрдамчилари фаолият олиб бормоқда. Уларнинг самарали фаолияти натижасида ўтган қисқа давр ичида кўплаб муаммолар ижобий ечимини топди.

Жумладан жорий йилнинг биринчи ярмида вилоятидаги ҳоким ёрдамчилари томонидан 110 минг нафардан зиёд фуқароларнинг бандлигини таъминланди. Деҳқончилик қилиш истагидаги 42 минг нафар фуқарога 10 сотихдан ер ажратиб берилиб, ушбу майдонларда “Бир контур – бир маҳсулот” тамойили асосида сабзавот, картошка ва дуккакли экинлар етиштирилмоқда. Оилавий тадбиркорлик дастури доирасида ҳоким ёрдамчилари тавсияномалари асосида 322 миллиард сўм миқдорида кредитлар ажратилиб, 14,5 минг нафар фуқаронинг бандлиги таъминланди. Бундан ташқари, уларнинг ташаббуси билан 1 минг 700 дан ортиқ кичик ишлаб чиқариш ва 3 минг 200 га яқин хизмат кўрсатиш объектлари ишга туширилиши ҳисобига 13,5 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилди.

Учрашувда ҳоким ёрдамчиларининг ўзлари фаолият олиб бораётган маҳаллаларда халқнинг ичига кириб бориши, муаммоларни аниқлаб, олиб чиқиши ва уни ҳал этиш бўйича таклифлар билдириши, шунингдек, ҳудудларда тадбиркорлар билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш, истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш орқали аҳоли турмуш даражасини яхшилашда фаол бўлишлари лозимлиги алоҳида айтиб ўтилди.

Кейинги ойларда вилоятдаги ҳоким ёрдамчилари томонидан умумий қиймати 261 миллиард сўм бўлган 222 та йирик лойиҳани амалга ошириш бўйича таклифлар келиб тушган. Учрашувда ана шу лойиҳаларнинг тақдимоти ўтказилди. Тадбиркорларнинг таклиф ва ташаббуслари инобатга олиниб, энг истиқболли лойиҳалар саралаб олинди.

Вилоят ҳокими лойиҳаларни самарали амалга ошириш юзасидан таклиф ва тавсиялар берди. Учрашув якунида ўз вазифасига масъулият билан ёндашиб, маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш жараёнида ибратли фаолият олиб бораётган Андижон шаҳрининг Гумбаз, Олтинкўл туманининг Ўрта маҳаллаларида иш олиб бораётган ҳоким ёрдамчиларига вилоят ҳокимининг фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари топширилди.

Шунингдек, учрашувда ҳоким ёрдамчиларига кўмаклашиш мақсадида вилоят ташкилотларидан ишчи гуруҳлар шакллантирилиб, ҳар бир туманга масъул бириктирилди.

Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,
З. УМРЗОҚОВ (фото), ЎзА