ЖАМИЯТ

ШУ ОННИНГ ЎЗИДА ИШГА КИРИШИЛДИ


24.07.2019   951

Вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов ҳудудларда бўлиб, аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш, долзарб муаммоларни жойида ҳал этиш юзасидан учрашув ва мулоқотлар ўтказаётганлиги ўзаро ишончни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этмоқда. Ана шундай очиқ мулоқот Избоскан туманининг Дўстлик маҳалласида ҳам ташкил этилди.

Ўзаро мулоқот давомида маҳалланинг оқсоқоллари вилоят ҳокимига талаб ва таклифларини билдирди. Аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлашбиринчи галдаги муаммо сифатида қайд этилди ва вилоят ҳокимининг топшириғига асосан обиҳаёт келтириш ишлари бошланди. Хонадонларга 200 та суйилтирилган газ баллонлари ҳам тарқатилди.

Шунингдек, аҳлининг мактабгача таълим муассасаси, кичик футбол майдончаси қуриш, қишлоқ врачлик пункитини таъмирлаш ва ушбу ҳудудда дорихона ташкил этиш борасидаги таклифлари инобатга олинди. Вилоят раҳбари муаммоларни бартараф этиш бўйича мутассадди ташкилотларнинг раҳбарларига кўрсатма ва топшириқлар берди. Шу оннинг ўзида барча йўналишлар бўйича ишга киришилди.

Жараёнда вилоят ҳокими Избоскан ва бошқа туманлардан келган фуқаролар билан алоҳида-алоҳида мулоқот ҳам ўтказди.

- Брусчатка, ғишт ва пенаблок ишлаб чиқариш учун ускуналарни сотиб олгаман, - дейди Куйганёр маҳалласида истиқомат қилувчи Зайниддин Акбаров. – Тадбиркорлик фаолиятимни бошлаш учун жой масаласи муаммо бўлиб турган эди. – Ҳокимимизга раҳмат, масалани ижобий ҳал этиб берди. 40 сотих майдон ажратилди. Энди фаолиятимни бошлаб, 30 та иш ўрни яратаман.

Ўзаро суҳбатлар давомида Зайниддин каби кўплаб фуқароларнинг тадбиркорлик билан шуғулланиш, кредит маблағлари олиш, соғлиғини тиклаш юзасидаги мурожаатлари эътиборга олинди. Кечиктириб бўлмайдиган барча масалаларга ижобий ечим топилиб, муаммолар жойида ҳал этилмоқда.

Жаҳонгир СОДИҚЖОНОВ.

Муаллиф олган суратлар.