Бугуннинг гапи

ШОВ-ШУВЛАРГА САБАБ БЎЛГАН АЁЛЛАРГА ЯНГИ ХОНАДОНЛАРНИНГ КАЛИТЛАРИ ТОПШИРИЛДИ (+ФОТО)


27.08.2019   1800

Жорий йилнинг май ойида ижтимоий тармоқларда Андижон вилояти ҳокимлиги вакиллари ижтимоий ҳимояга муҳтож олти нафар цех ишчисига янги қурилаётган коттежлардан совға сифатида биттадан берилишини маълум қилиб, алдаганликлари ҳақида турли хабарлар тарқалган эди.

Мазкур хабарларда Президент Шавкат Мирзиёевнинг май ойида Андижонга ташрифи вақтида ишчилардан фақат бир нафарига коттеж совға қилингани, ташрифдан сўнг вилоят ҳокимлиги масъули талабига кўра, қолган беш нафар ишчи янги қурилаётган тўрт қаватли уйлардан хонадон ажратиш ваъда қилинган ҳолда коттежлардан кўчирилгани айтилганди. Ушбу ҳолат юзасидан бўйича расмийлар бир неча маротаба чиқиш қилган эди. Бироқ аёлларни қийнаётган масала ўз ечимини топмай келаётганди.

Шу сабабли “Daryo.uz” сайтида эълон “Андижондаги кўзбўямачиликда алданган аёл бир умрга Россияга кетишга қарор қилди” ҳамда “Андижондаги кўзбўямачиликда алданиб, бир умрга Россияга кетишга қарор қилган аёл ўз жонига қасд қилишга уринди” сарлавҳали материаллар эълон қилинган ҳамда шов-шувларга сабаб бўлганди.

Андижон шаҳар ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Моҳинур Қосимованинг маълум қилишича, юртимиз мустақиллигининг 28 йиллиги тантаналари арафасида Хуршида Тиллаева, Муяссар Раҳимова, Дилфуза Тешабоева, Шоҳиста Бакирова, Меҳриноз Абдувалиева, Ҳайринисо Эрматовалар ваъда қилинган хонадонларга кўчиб киришган.

- Бошимдан турли савдолар ўтди, - дейди Муяссар Раҳимова. – Албатта, тушунмовчиликлар бўлди. Бугун шу уйга кўчиб киргач елкамдан тоғ ағдарилгандек бўлди. Ўзимни енгил хис қила бошладим. Бундан ташқари цехимиз раҳбари ҳам ишга қайтишимни илтимос қилди. Энди Россияга кетиш йўқ. Аксинча, кўпроқ ишлашга, фарзандларимни бекаму кўст қилиб вояга етказишга ҳаракат қиламан. Биз учун қайғурган барчага ўз миннатдорлигимни изҳор қиламан.

- Биласизми ҳозир менинг хурсандчилигимжуда ҳам чексиз, - дейди Хайринисо Эрматова. – Сабаби бугун менинг туғилган куним. Кутилмаган ва эсда қоларли совға бўлди. Фарзандларимнинг қувончини айтмайсизми. Уйсизлик балосидан қутулганимиз учун шукроналар айтамиз. Президентимиздан миннатдормиз.