Андижон 24

ШИРМОНБУЛОҚДА ЗАМОНАВИЙ ТИББИЁТ МУАССАСАСИ ФАОЛИЯТ БОШЛАДИ


22.03.2021   929

Юртимизда барча соҳаларда бўлгани каби соғлиқни сақлаш тизимида ҳам чуқур ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Кадрлар салоҳиятини ошириш, ҳудудлардаги бирламчи моддий-техник базани бойитиш ишларига давлат сиёсати даражасида аҳамият бериляпти. Шу боис, соғлиқни сақлаш тизимимиз бугун дунёнинг энг илғор давлатлари билан бўйлашадиган даражага етмоқда.

Азалдан ўзининг тадбиркорлиги, ишбилармонлиги ва саховатлилиги билан туманда эътибор топган Ширмонбулоқ қишлоғи, Навоий МФЙ худудида янги, барча замонавий талаб ва техник андозаларга тўлиқ жавоб бера оладиган хусусий шифо маскани ишга тушди.Натижада 10 та янги иш ўринлари яратилди.

Тадбиркор қисқа муддатларда ўз маблағи ҳамда банк кредити ҳисобидан қишлоқ марказида кўркам бино бунёд этди ва ҳамқишлоқларининг саломатлигини асраш, малакали тиббий маслаҳатлар олишлари учун қулай имкониятлар яратиш мақсадида шифохонани сўнгги русумдаги тиббий асбоб-ускуналар, жиҳозлар билан таъминлади. Бошқа ҳудудларда шу соҳада меҳнат қилаётган тажрибали ва малакали мутахассисларни жалб қилди.
- Шифохонамиз 40 та ётоқ ўринга мўлжалланган. Бу ерда терапевт, невропатолог, хирург, гинеколог ва бошқа бир неча тиббиёт йўналишларда малакали шифокорларимиз фаолият юритмоқда.

Хориждан келтирилган, замонавий тиббий асбоблар,физиотерапия хоналари мижозлар хизматида. Мақсадимиз аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш, маслаҳатлар бериш, - дейди шифохона бош шифокори Мансурбек Сиддиқов.

Бир сўз билан айтганда бу каби хусусий тиббиёт муассасалари сони кўпайиши аҳолининг сифатли тиббий хизматга бўлган эҳтиёжини қондиришда муҳим ўрин тутади.

Тадбирда Булоқбоши тумани ҳокими Ўткирбек Маъмуров, туман ИИБ бошлиғи Омадбек Акбаров ҳамда маҳалла фаоллари иштирок этдилар.

«auz.uz» online гуруҳи.