ЖАМИЯТ

Шайх ҳазратларини эслаб... :МУСУЛМОНЛАРНИНГ ТИББИЙ КАШФИЁТЛАРИ


16.04.2020   716

15 апрель - ислом оламининг улуғ алломаси шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари таваллуд топган кун. Агар у киши ҳаёт бўлганларида,68 ёшга кирган бўлардилар. Бугун ҳазратни ёдга олиб, унинг қаламига мансуб “Мусулмонларнинг тиббий кашфиётлари” мақолотини эътиборингизга ҳавола этамиз.

Буюк ватандошимиз имом Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда:

“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ қайси бир дардни нозил қилган бўлса, албатта, унинг шифосини ҳам туширгандир”, дедилар”.

Имом Муслим ривоят қилган лафзда:

“Ҳар бир дарднинг давоси бордир. Қачон даво дардни топса, Аллоҳ азза ва жалланинг изни ила тузалади”, дейилган.

Мана шу муборак ҳадис айтилган кундан бошлаб, бу маъно мусулмонларнинг ақийдасига айланиб бўлган эди.

Ҳар бир мусулмон табиб Аллоҳ таолодан ёрдам сўраган ҳолда ҳар қандай дарднинг давосини тинмай излар эди. Ҳар бир мусулмон бемор ҳам ноумид бўлмай, дардига даво талабида бўлар эди.

Бу руҳият мусулмонларнинг дунё тарихида мисли кўрилмаган тиббий кашфиётлар қилишларига олиб келди. Улар қилган кашфиётларини кўз-кўз қилишни, улар билан мақтанишни, бир-бирларига мукофотлар ва унвонлар таъсис қилишни ўзларига эп кўрмас эдилар. Бирор катта кашфиёт қилган чоғларида ҳам: “Аллоҳ таолонинг ёрдами ва инояти ила Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларида келган маъно рўёбга чиқди”, деб қўя қолар эдилар.

Кейинчалик европаликлар мусулмонлардан тибни ўрганиб, уларнинг китобларини таҳлил вашарҳ қилиш жараёнида кўп нарсаларни ўзлариники қилиб олдилар.Уларнинг баъзилари усталик билан иш тутар эди. “Бу меники, бу фалончиники”, деб айтмас, индамай, китобига ёзиб қўяр эди. Кейинги ўқиганлар мазкур кашфиётни мусулмонлардан ўз китобига кўчириб ёзган шахсга нисбат беришар эди. Баъзилар эса мусулмонлар кашф қилган нарсани “Меники”, дер эди.

Аммо вақти-соати келиб, парда кўтарилди Ҳамма соҳада орқада қолган мусулмонларнинг баъзи вакиллари европаликлар ҳузурида таълим ола бошладилар. Улар ўз устозларидан иш услубларини ҳам, жумладан, қадимги қўлёзмаларни таҳлил қилишни ҳам ўргандилар. Ана ўшанда кўпгина сирлар очила бошлади.

1924 йилгача бутун дунёда Жолинуснинг қон айланиши ҳақидаги назариясининг хато эканлиги исботланиб, “Кичик қон айланиш тизимини испаниялик арветос ва англиялик Харфи топган”, дейилар эди. Аммо худди ўша милодий 1924 санада бу соҳада ғаройиб ўзгариш рўй берди.

Ўша йили мисрлик ёш йигит Абдул Мунъим Тантовий Олмониянинг Фрайнбург дорилфунунида олмон тилида докторлик ишини ҳимоя қилди.Унинг бу илмий иши ҳаммани ҳайратга солди. Абдул Мунъим Тантовий илмий ишида Жолинуснинг қон айланиши ҳақидаги назариясининг хато эканлигини исботлаб, кичик қон айланиш тизимини топган олимлар Сарветос ва Харфи эмас, балки Ибн Нафис исмли мусулмон олим эканлигини даъво қилди. Унинг даъвосига биноан, Ибн Нафис бу кашфиётни Сарветос ва Харфидан тўрт юз йил олдин кашф қилган экан.

Илмий ишни муноқаша қилаётган олимлар бу журъатдан ёқаларини ушлаб қолдилар: “Наҳотки, бутун дунё 1616 йилдан буён “Бу илмий ишни Сарветос ва Харфи кашф қилган”, деган фикрда адашиб юрган бўлса! Ахир, бу, илмий омонатга хиёнат бўлади-ку!” Лекин айтган фикрлари илмий ҳужжатлар ва далилларга асосланган эканлигини маҳкам туриб ҳимоя қилаётган анави мисрликка ҳам бир нарса дейиш керак. Ҳамма илмий ишни муноқаша қилишни йиғиштириб қўйиб.қўлёзмаларни титишга киришиб кетди. Бу янгиликни эшитган бошқа олимлар ҳам ишга аралашдилар. Ҳамма қўлёзмалар ичидан ушбу масалага тегишлиларини ажратиб олиб, қайта-қайта ўрганиб чиқишди. Охири, Абдул Мунъим Тантовийнинг даъвоси тўғри эканлигига, қон айланиши ҳақидаги Жолинуснинг назарияси хато эканлигига, икчик қон айланиш тизимини топган олим эса ҳақиқатда ҳам Ибн Нафис эканлигига иқрор бўлишди.

Энди мусулмон олимларнинг тиббий кашфиётлари ҳақидаги маълумотлар уммонидан бир томчисини зикр қилиб ўтишга ижозат бергайсиз.

Мусулмонлар жарроҳлик соҳасида ҳам ҳеч ким қила олмаган ишларни қилдилар. Бу соҳада улар инсониятга мисли кўрилмаган хизмат қилдилар.

1113 йилда вафот қилган андалуслик машҳур жарроҳ Абул Қосим Заҳровий жароҳатларни даволаш, ички аъзолардаги тошларни майдалаш ва жарроҳлик амалиётларига янгиликлар киритди.Мазкур мусулмон жарроҳ инглиз олими Персивал Потдан етти юз йил илгари бўғинлар шамоллаши ва умуртқа поғонаси силини яхши билган. Аммо бу хасталик кейинчалик Потнинг номи билан аталиб қолган, холос.

Заҳровий бола туғдириш бўйича ҳам кўплаб янгиликларни кашф этган. Хусусан, бола кўндаланг келиб қолганда нима қилиш кераклигини биринчи бўлиб тўғри ҳал қилган табиб ҳам шу одамдир. Ҳозирда ўша услублардан бири штутгартлик олим Фолшер (1856-1935) номи билан аталади.

Мусулмонлар кўз хасталиклари соҳасида ҳамулкан ютуқларга эришганлар. Уларнинг илмий изланишлари бутун бошли бир “Басариётлар илми” номли илмни юзага келтирди. Бу соҳада ёзилган биринчи китоб Исҳоқ ибн Хунайннинг қаламига мансубдир. Мусулмон олимларининг бу соҳадаги китоблари XVIII асргача европаликлар учун биринчи қўлланмалар бўлиб келди.

Шунингдек, мусулмон уламолар бўғинлар ва суякларни даволашда ҳам ғоят катта маҳорат кўрсатганлар. Хусусан, курак чиққанини даволаш бўйича улар топган услуб ҳозиргача қўлланиб келмоқда.

Ибн Сино қадимгилардан қолган иссиқ ва совуқ ҳаммом билан даволаш услубига икковини қўшиб, бир-бирининг орасида бир оз вақт ўтказиб даволашни жорий қилди.

Ўрта асрларда жарроҳлик амалиётларида тикиш учун сочни ишлатишни Розий ўйлаб топди.

Мусулмонларнинг тиб илмига қилган улкан хизматларидан бири жарроҳлик амалиётларидан олдин беморларни ухлатадиган воситани ўйлаб топганларидир. Бу, италияликларнинг ва бошқаларнинг иши, дейиш хатодир.

Мусулмонларнинг тиб соҳасидаги оламшумул ютуқларидан яна бири ақлий ва асабий хасталикларни даволаш услубларини топганлари бўлган.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф.

“Олам ва одам, динва илм” (Тошкент, 2019)

китоби.189-192-бетлар.