Андижон 24

ШАВКАТ МИРЗИЁЕВ ОЗАРБАЙЖОНДА «ЙИЛ ОДАМИ» ДЕБ ЭЪТИРОФ ЭТИЛДИ


26.12.2019   889

Озарбайжонда 2006 йилдан буён нашр этиб келинаётган Tarixi Şəxsiyyətlər («Тарихий шахслар») журнали анъанага кўра, ҳар йили дунё етакчилари ҳамда ижтимоий-сиёсий соҳанинг машҳур арбоблари орасидан «Йил одами»ни аниқлайди, деб ёзмоқда ЎзА.

Қайд этилишича, 2017 йилда таҳририят қарорига кўра, Туркия президенти Ражаб Тоййип Эрдўғон бир овоздан «Йил одами» деб эълон қилинган. 2018 йилда эса ушбу номинацияга Россия президенти Владимир Путин муносиб кўрилган.

Таҳририят ходимларининг бир овоздан қабул қилган қарорига кўра, Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги имижини яхшилаш билан бирга мамлакат тараққиёти ва равнақи, Озарбайжон ва Ўзбекистон ўртасидаги қардошлик ришталарини мустаҳкамлашга қўшган улкан ҳиссаси учун 2019 йилда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев «Йил одами» деб эълон қилинди.

Шу муносабат билан Tarixi Şəxsiyyətlər журналининг кейинги сони Ўзбекистон Президенти ва умуман, Ўзбекистонга бағишланади, у рус тилида чоп этилади.

Шунингдек, хабарда айтилишича, Озарбайжоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси ва Ҳайдар Алиев номидаги маданият маркази кўмагида тайёрланаётган «Тарихий шахслар» журналининг махсус сони тақдимоти Тошкент шаҳрида ҳам ўтказилиши режалаштирилган.

Манба: Daryo.uz