Андижон 24

ШАҲРИМИЗ ҲУСНИДАГИ ДОҒ: «ХУСУСИЙЛАШГАН» ЎРИНДИҚЛАР


28.05.2019   13209

Бобур заминимизнинг асрий ва боқий гўшаси –Андижон шаҳримиз кенг кўламли қурилиш-бунёдкорлик, кўкаламзорлапштириш ва ободонлаштириш ишлари натижасида кун сайин чирой очмоқда. Буни нафақат ҳамюртларимиз, балки шаҳримиз меҳмонлари ҳам мамнуният билан эътироф қилишмоқда.

Ажабтовур андозадаги гулзорлар, майсазорлар, фавворалар, европамонанд бекатлар, кошинли йўлакчалар, минг бир тусдаги чироқлар, безаклар, антиқа ёритқичлар... – бари-бариси шаҳримиз чиройига чирой қўшиш баробарида, кишиларимизга эстетик завқ бағишлаяпти, кўнгилларга ором бахш этяпти. Бу, ўз-ўзидан бўлаётгани йўқ, албатта. Унинг ортида Андижонни “водий Парижи”га айлантириш йўлида жон койитаётган мутасаддиларнинг кеча-кундуз амалга ошираётган заҳматли меҳнати, изланишлари, давлатимиз хазинасидан сарфланаётганган миллионлаб сўм маблағлар ётибди.

Шаҳримизнинг бош кўчаларига, аҳоли гавжум жойларга бежирим ва қулай ўриндиқлар (скамейкалар) қўйилганига кўп вақт бўлгани йўқ. Уларда кўнгил яқинларнинг мириқиб суҳбатлашиб, кимларнингдир хордиқ чиқараётгани ёҳуд китоб, газета-журналмутолаа қилиб ўтирганини кўрганда ҳавасинг келади.

Лекин, куни кеча эрталаб А.Навоий шоҳкўчаси бўйлаб яёв кетаётиб, кўча ўриндиқларининг айримлари “хусусийлаштириб” олинганини кўриб, кайфиятим бузилди. Уларнинг локланган, мебелсимон бежирим юзасига аллақандай ёзувлар, “плюс-минуслар” ёзилган, чизилганди. Атрофда кунгабоқар пистасининг пўчоқлари, майда-чуйда қоғозлар, қутичалар, сигарета қолдиқлари... Ваҳоланки ўриндиқнинг шундоқ ёнида ахлат қутичаси турибди.Албатта, бу - кўча маданиятидан бехабар,одоб-аҳлоқни унутган, жамият мулкига беписандлик билан қарайдиганларнинг қилмиши.

Бу ҳолни кўрган ўрта ёшлардаги ўткинчилардан бири таассуф билан бош чайқади:

- Эссиз, қандай кўркам нарсага путур етказишибди-я! Ахир бу скамейканинг бир донаси фалон сўм бўлса. Халқнинг – сизу бизнинг пулимизга келганку бу! Бу қилмишни қилганлар уйларида ҳам шундай қилишармикин?

- Кунда, куноша Анжанимизга катта-кичик меҳмонлар, ҳатто хорижий сайёҳлар келиб туришибди, - деди Андижон шаҳрида яшовчи С. Мусабоева. – Бундай ҳолатни кўришса, улар биз ҳақимизда нима деб ўйлашаркин? Ахир “Андижонлик –сарамжонлик” деган мақомимиз бор! Кўча фаррошларига, мутасадди ташкилотларга раҳмат: шаҳримиз тозалигини тинмай таъминлаб туришибди. Аммо тозалик, покизалик фақат уларнинг ишими? Манави скамейка орқали“севги изҳор этган”ларни ким деб аташ мумкин? Билишимча, Германияда одамлар фақат махсус қутиларга ахлат ташлашаркан, умуммулкни авайлашаркан. Кўчага ахлат улоқтирганлар, жамоат мулкига зиён етказганлар аямай жазоланаркан. Бизда ҳам шундай тартибни жорий қилиш керак. Акс ҳолда бошқа ўриндиқлар ҳам “маданиятсизлик қурбони”га айланади.

«auz.uz» online гуруҳи.