Андижон 24

ШАҲРИХОНЛИК ЧОРВАДОРЛАР ҚУРБОН ХАЙИТИ МУНОСАБАТИ БИЛАН 4 ТОННА ГЎШТНИ АРЗОН НАРХЛАРДА СОТДИ


10.08.2019   5717

Андижон вилоятининг Шаҳрихон туманидаги Деҳқон (озиқ-овқат) бозорида чорвачиликка ихтисослашган фермер хўжаликлари ташаббуси билан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари савдо ярмаркалари иш бошлади. Қурбон хайити муносабати билан ташкил этилган ярмаркада 4 тоннадан ортиқ гўшт ва катта миқдорда ёғ, гуруч маҳсулотлари арзон нархларда сотилди. Бу ҳақда “auz.uz”га вилоят бозорлари ва савдо мажмуалари уюшмаси матбуот хизмати хабар бермоқда.

Туман ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлими бошлиғи Таваккил Шамсиддиновнинг айтишича, байрам муносабати билан “Расул Д” «Шаҳриёр», “Азизбек”, “Саҳоват файз”, “Гулистон нурли истиқболи”, “Режаббой ота” фермер хўжаликларининг ҳар бири ўртача 450-500 килограммдан қорамолларни сўйишган. Сўйиш давомида давлат санитария эпидемиология назорати маркази мутахассислари томонидан экспертизадан ўтказилган.

- Одатда байрамлар олдидан гўшт нарҳини кескин кўтарилишини кзуташи мумкин, -дейди “Расул Д” фермер хўжалиги раҳбари Расул Давлатов. – Бу эса юртдошларимизга бир қатор қийинчикларни туғдириши табиий. Кимдир айтилган нарҳга олиши, айримларнинг эса бунга ҳам қурби етмаслиги аниқ. Аммо барча чин кўнгилдан байрамни кўтаринки рухда нишонлашни истайди. Шуларни ҳисобга олиб, гўшт нархини анчагина арзонлаштирдик. Тўғриси, ҳаридорлар навбатини кўриб, ўзимиз ҳам қилган ишимиздан қувонаяпмиз.

Шунингдек, ярмарка расталарида “Андижон вилояти бозорлари ва савдо мажмуалари” уюшмаси, “Андижонгўштсутсавдо” акциядорлик жамияти, агрофирмалар, паррандачилик корхоналари ва кўплаб савдо ташкилотлари ҳамда фермер хўжаликларининг 50 дан ортиқ турдаги маҳсулотлари савдоси йўлга қўйилган.

- Арафалик учун бозорга чиққандим, – дейди фуқаро Саломатхон Зияева. – Керакли нарсаларни олиш мақсадида расталарни айландим. Гўшт оладиган бўлиб қассобларни олдига борсам қилосини 43 минг дейишди. Нарҳи бир оз қиммат туюлди. Энди оламан деб турсам қўшним кираверишда36 минг сўмдан сотаяпти деганди, эшитибоқ шу ерга келавердим.