ЖАМИЯТ

ШАҲРИХОНДА ЗАРБДОР 10 КУНЛИК


09.11.2020   2360

Муҳтарам Президентимиз Ш.Мирзиёев Андижон вилоятига ташрифи асносида ўтказган йиғилишида Шаҳрихоннингмамлакатимиздаги аҳолиси зич жойлашган туманлардан бири эканлигини таъкидлаб, тумандаги муаммоларни ўрганиш ва уларни ижобий ҳал этиш, туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича дастурлар ишлаб чиқиш бўйича алоҳида кўрсатма берган эди. Шундан келиб чиқиб, вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов бошчилигида вилоят ҳокимининг ўринбосарлари, вилоят ташкилотлари, корхона ва муассасалари, тумандаги 4 та сектор раҳбарлари, вилоят ва туман Кенгаши депутатлари ҳамкорлигида Шаҳрихонда аҳоли муаммо ва камчиликларини бартараф этиш бўйича “Йўл харитаси” ишлаб чиқилиб, унда кўзда тутилган вазифалар ижроси доимий асосда бажариб келинмоқда.

Вилоят ҳокимига келиб тушаётган мурожаатларнинг аксариятида уй-жой масаласи, ишсизлик, оилавий ажримлар, саломатлик билан боғлиқ муаммолар қайд этилмоқда. Аҳолиси энг зич бўлган Шаҳрихон туманига эътибор қаратилганининг яна бир боиси ҳам шунда. Хуллас, душанбадан бошлаб 10 кун давомида Амир Умарон асос солган уста ҳунарманд ва тадбиркорлар юртига, Нодирабегим ватанига катта куч ташланди. Ижтимоий-иқтисодий масалаларга мутасадди барча вилоят ташкилотлари, уларнинг ўзга ҳудудлардаги бўлинмалари, техника воситалари сафарбар этилди.

Бугун вилоят раҳбарининг кўрсатмаси асосида вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Ш.Эгамбердиев бошчилигида вилоят ташкилотлари раҳбарлари Шаҳрихонда бўлиб, амалий ишга киришдилар.

Тумандаги мавжуд 76 та МФЙларга вилоят ташкилотлари масъул этиб бириктирилди. Ишчи гуруҳлар маҳаллаларда бўлиб, уйма – уй юриш орқали ҳудудлардаги муаммо ва камчиликларни ўрганади. Бу жараёнда маҳаллалардаги электр, газ, тоза ичимлик суви таъминоти, кўчаларни тартибга келтириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, кўмакка муҳтож оилалар, ногиронлиги бўлган шахслар, якка-ёлғизларни ижтимоий муҳофаза қилиш масалалари босқичма-босқич ечилади.

Шунингдек, масъуллар томонидан тумандаги умумтаълим мактаблари, соғлиқни сақлаш муассасалари, мактабгача таълим ташкилотлари фаолияти ҳам ўрганилади. Аҳоли, айниқса, кексалар ва болалар чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилади. Шаҳрихонликлар ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, касалликларнинг олдиниолиш, уларни фаол ҳаёт кечиришларини таъминлаш мақсадида турли спорт мусобақалари, соғломлаштириш акциялари ташкил этиш ҳам назарда тутилган.

Асосий эътибор “Темир дафтар”га киритилган оилаларни камбағалликдан чиқариш, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган ёшлар ва опа-сингилларимизни ижтимоий, ҳуқуқий, психологик қўллаб-қувватлаш кўзда тутилмоқда.

Кузнинг ёмғирли куни бўлишига қарамай эрталабдан барча маҳаллаларда иш бошланди.

Академик Саримсоқов ҚВПси бешта маҳалладаги 18 минг нафар аҳолига хизмат кўрсатади. 7 нафар умумий амалиёт шифокори, доя, 22 нафар патронаж ҳамшираси ҳудуддаги хонадонларга кириб бормоқда, - дейди ҚВП бош шифокори Мансуржон Шукуров. – Ўз соҳамиз бўйича аниқланган камчиликларни имконият даражасида хал этамиз, кунлик маълумотларни эса туман штабига юборамиз.

Абдубий, Қозиқўрғон маҳаллаларида ҳам иш қизғин тус олди.

-Бугуннинг ўзида 4 та янги трансформатор қўйиляпти, 6 таси таъмирланмоқда, - дейди Шаҳрихон шаҳар электр таъминоти корхонаси Марказ бўлими устаси Нозимжон Асқаров. – Абдубийда 20 та, Қозиқўрғонда 16 та таянч устунлари янгиланади. 10 кун давомида шаҳардаги 30 та маҳаллада шундай ишларни олиб борамиз. 200 та таянч устунлари заҳираси бор эди. Кеча яна 34 таси келтирилди. Бугун яна олиб келинади.

2003 йилда ер участкаси олиб, уй солганлар бугунга келиб Қозиқўрғон маҳалласидаги 200 га яқин хонадонни ташкил этади.

-Қўлбола симёғочлар чириб кетганди, ёғин-сочинда йўлларимиздан ўтиб бўлмас эди, - дейди Маиҳошим кўчасида яшовчи фуқаро Улуғбек Ҳасанов. – Бугун бетон таянч устунлари ўрнатилиб, шағаллаш бошланди. Биз ҳам қараб турмаймиз.

Байроқ маҳалласи туман марказидан 6 километр узоқликда жойлашган. Бўстон туманидан ёрдамга келган электр таъминоти корхонаси мутахассислари Обод ва бошқа тўртта кўчадаги симёғочларни замонавийларига алмаштирмоқда. Улардан сўнг пешма-пеш йўлсозлар ишга киришган.

-Обод кўчасига 20 машина шағал тўкилди, - дейди Шаҳрихон тумани Автойўл корхонаси 86-йўл бўлими бошлиғи Шерзодбек Султонов. – 10 нафар ишчи, битта грейдер ва битта текислагич (каток) жалб қилинган.

Зарбдор ўн кунлик маҳалла раислари учун ҳам қизғин, муаммоларни хал қилиб олиш учун қулай палла.

-Ҳудудимизда 970 та хонадонда 6338 нафар фуқаро истиқомат қилади, - дейди Байроқ МФЙ раиси Обиджон Ғозиев. – Оилавий ажримлар нисбатан кўп. Фурсатдан фойдаланиб, имом-хатиблар, отин ойилар кўмаги ва маслаҳати билан хонадонма-хонадон юриб, жанжалкаш оилаларни инсоф ва тартибга чақирамиз, зора таъсир этса...

Туман ҳақида қисқача маълумот. Шаҳрихон мамлакатимиздаги аҳолиси энг кўп ва зич жойлашган туманлардан бири ҳисобланади. Бугунги кунда туманда 350 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Шаҳрихон шаҳрига Қўқон хони Амир Умархон ва унинг рафиқаси, хассос шоира Нодирабегим томонидан 1814 йилда асос солинган.

Шаҳрихон олиму фозиллар, тадбиркору ҳунармандлар юрти сифатида довруғ таратган. Туманда миллий ҳунармандчилик турлари яхши ривожланган. Айниқса, Шаҳрихон пичоқлари дунёга машҳур.

Шаҳрихондан Оразий, Ҳайратий каби шоирлар, Тошмуҳаммад Саримсоқов каби академиклар, Тўхтасин Жалолов, Ҳошимжон Раззоқов, Ёқубжон Исоқов, Баҳодир Саримсоқов каби йирик адабиётшунос олимлар етишиб чиққан.

Ўзбекистон халқ ҳофизи Очилхон Отахонов, Ўзбекистон халқ артистлари Одина Ғозиева, Озодбек Назарбеков, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Муножот Тешабоева, Ҳуррият Исроиловалар ҳам Шаҳрихон фарзандларидир.

Туманда 76 та МФЙ мавжуд. Айни пайтда 2 та техникум, 2 та касб-ҳунар мактаби, 1 та касб-ҳунарга ўқитиш маркази, 72 та умумтаълим мактаби фаолият кўрсатмоқда.

Маърифжон Ғозиев,

Хурсандбек Араббоев.