Андижон 24

ШАҲРИХОНДА ЁШЛАР ФЕСТИВАЛИ


16.04.2019   2192

“Ватанпарвар” ташкилоти Шаҳрихон автомобиль мактабитасарруфидаги картадром мажмуасида “Биз, ватанпарварлармиз!” шиори остида ёшлар фестивали бўлиб ўтди. Бу ҳақда “auz.uz” сайтининг мобиль мухбири Рустамбек Араббоев хабар бермоқда.

Ёшларни маънавий-ахлоқий, ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, улар онгига ҳарбий хизмат туйғуларини сингдириш, спортнинг техник ва амалий турларини ривожлантириш, соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш мақсадида ташкил этилган тадбирда вилоятдаги ўқув муассасалари ва спорт техника клубларининг спортчилари иштирок этдилар.

Фестивалнинг тантанали очилиши маросимида “Ватанпарвар” ташкилоти вилоят Кенгаши раиси ўринбосари Б.Усмонов, Шаҳрихон туман ҳокими ўринбосари Ж.Маматқодиров, халқ депутатлари Шаҳрихон туман Кенгаши депутати М.Ғозиевлар сўз олиб, мамлакатимизда ёшларни соғлом ва баркамол, ҳақиқий ватанпарвар этиб тарбиялаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида гапирдилар.

Тадбир мобайнида муассасаларда фаолият кўрсатаётган автомототранспорт, картинг спорт секциялари қатнашчиларининг кўргазмали чиқишлари намойиш этилди.

- 3 йилдан буён картинг билан шуғулланаман, - дейди 2-умумтаълим мактаби ўқувчиси Иззатилло Абдуқодиров. – Вилоят, мамлакат миқёсидаги мусобақаларда совринли ўринларни қўлга киритаётганимдан хурсандман. Бугунги фестивалдаги чиқишларимизни томошабинлар олқишлар билан кутиб олишди. Келгусидаги мақсадим жаҳон чемпионатларида муносибиштирок этиш. Бунинг учун мактабда аъло ўқиш билан бирга, жисмоний тайёргарлигимни тинимсиз ошириб боряпман.