Андижон 24

Шаҳрихонда шодиёна


17.03.2018   1691

Карнай-сурнай садолари эрта тонгда барчани Беруний номли боғга Наврўз тантанасига чорлади. Шохиатлас кийимидаги қизлар меҳмонларни қўли кўксида хуштавозелик билан кутиб олишди.

Наврўз байрамига ўзгача тайёргарлик кўрилганига кўргазмаларни кузатганимизда амин бўлдик. Дўстлик, қардошлик, бағрикенглик, меҳр-оқибат нафаси кезаётгандек. Айниқса, 28-умумтаълим мактаби жамоасининг “Здраствуй Навруз, праздник молодости и красоты!” деб номланган кўргазмаси таҳсинга муносиб.

- Президентимиз Шавкат Мирзиёев яқинда Тожикистон Республикасида бўлди, - дейди Шаҳрихон туманидаги 32-умумтаълим мактаби ўқитувчиси Шоирахон Шоева. – Дўстлик, қардошлик ришталари мустаҳкамланди. Кўргазмамизда тожиқ қадрдонларимизга ҳурмат ва эҳтиром рамзини ифода қилишга ҳаракат қилдик.

Чевар Ёрқиной опа Тўйчиева тиккан “Ниҳол”, “Тожмаҳал”, “Ситора”, “Сирға” дўппи нусхалари, уста Раҳматхўжа Алихўжаев ясаган миллий сувинер пичоқлар уларнинг қўли гул эканини тасдиқлади.

- 10 нафар қизга дўппи тикишни ўргатаяпман, - дейди Ёрқиной опа Тўйчиева. – Уларнинг тажрибаси кундан кунга ошиб боряпти. Янги Хумо қуши тасвиридаги дўппи нусхасини яратдим. “Хумо қуши” кўркамлиги билан мард йигитларимизга ярашади.

- Набираларим Ҳабибулло, Ойшахон, умр йўлдошим, ҳаммамиз Мадамин дорбоз жамоасининг чиқишларини кўрдик, - дея сўзлади Тегирмонбоши маҳалла фуқаролар йиғинилик Раҳматилло Розиқов. – Бу йилги Наврўз ҳар йилдагига қарагнда халқ сайлига айланди.

Шаҳрихон тумани ҳокими Ҳикматилло Дадахонов ҳаммани миллий айём билан қутлади. Бадиий дастур намойиши байрам қатнашчиларини хушнуд этди.

Аҳмадилло Солиев.

Хурсандбек Араббоев олган суратлар.