Андижон 24

ШАҲРИХОНДА «СЕГАЗАҚУМ» ҚИШЛОҚ ВРАЧЛИК ПУНКТИ ИШГА ТУШДИ


07.04.2019   2156

7 апрель – Бутунжаҳон саломатлик куни арафасида Шаҳрихон тумани Сегазақум маҳалласи ҳудудидаги Қишлоқ врачлик пункти “Обод қишлоқ” давлат дастури доирасида қайта таъмирдан чиқарилиб, фойдаланишга топширилди. Бу ҳақда вилоят Журналистика маҳорат маркази тингловчиси, «аuz.uz» сайтининг мобиль мухбири Шаҳбоз Акбарилиев хабар бермоқда.


Шаҳрихон тумани ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожланиш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Жавлонбек Маматқодировнинг айтишича, ўн беш мингга яқин аҳолига хизмат кўрсатадиган КВПнинг таъмирлаш ишларига 565 миллион сўм маҳаллий бюджет ва ҳомийлик маблағлари сарфланган. Шу куни қишлоқда яшовчи 500га яқин фуқаро тиббий кўрикдан ўтказилиб, уларга зарур маслаҳат ва тавсиялар берилди.

Туман тиббиёт бирлашмаси мутасаддилари берган маълумотга кўра, байрам муносабати билан кўп тармоқли марказий поликлиникада ташкил этилган саломатлик тадбирларида 4487 нафар шаҳрихонлик чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилган ва кўрик давомида 43 нафар беморга туман, вилоят ва хусусий тибиёт муассасаларида даволанишлари учун бепул йўлланмалар берилган.

Тадбир давомида хусусий дорихоналар томонидан ҳомийлик асосида уч миллион сўмга яқин 35 турдаги дори воситалари 77 нафар кам таъминланган, ҳимояга муҳтож ва кекса ёшдаги фуқароларга бепул тарқатилди.