ЖАМИЯТ

ШАҲРИХОН ШАҲАРСОЗЛИГИ - ЗАМОНАВИЙ, МИЛЛИЙ МЕЪМОРИЙ УСУЛДА ҚУРИЛАЁТГАН УЙ-ЖОЙЛАР, ҲУНАРМАНДЛАР МАСКАНИДА НАМОЁН


06.06.2021   795

Янгича тарзда яшаш, ишлаш ҳар биримизнинг эзгу ният, истагимиз. Кўп қаватли уй-жойлар, муҳташам бинолар бунёд этишда илғор тажрибалар, технологиялар қўлланилаётгани бу йўналишдаги илгарилашнинг амалий мисоли.

Шаҳрихон шаҳри бошланишида "Мукаммал водий бунёдкори" масъулияти чекланган жамияти бинокорлари осмонўпар кўп қаватли уй-жойлар қуришда пешқадамлик қилаётир. Сифат ва суръат уйғунлиги таъминланмоқда.

– Дунё андозалари асосида беш қаватли уй-жой қуришга дадил киришдик, – дейди ушбу масъулияти чекланган жамият иш юритувчиси Қаҳрамонжон Ортиқов. – Мукаммаллик, тезкорлик кун тартибига кўчди.

Қурувчилар жадал, мустаҳкам, сифатли иш бажариши баробарида келгусида тураржойда яшовчи фуқароларнинг манфаати, талаб-истакларига эътибор қаратяптилар. Уй-жойларнинг ичи ва ташқи томони замонавий талаблар асосида пардозланиб, кўркамликка эришиляпти. Ҳар бир хонадоннинг ички қисми махсус материал билан қопланади. Бу қишда иссиқ, ёзда салқин бўлишига хизмат қилади. Экологик жиҳатларга мос тушади.

– Муҳими, иморат тез, мустаҳкам тикланади, – дейди тадбиркор, қурувчиларнингҳамкори Баҳодиржон Жўраев. – Шундай уй-жойларни уч ойда қуриб битказиш мумкин. Пишиқ ғиштдагига қараганда иқтисодий самарали.

Янги замонавий уй-жойлардаги барча ишни "Мукаммал водийбунёдкори" бинокорлари бажарадилар. Бу сифатни кафолатлайди. "Арк сервис монтаж" МЧЖ жамоаси "Мукаммал водий бунёдкори" қурувчилари билан мусобақалашиб ишлаяпти. Улар учта кўп қаватли тураржойни муддатида битказиш ҳаракатида.

Замонавий, миллий меъморий ечимлар мукаммаликка асос яратади. Мамлакатимиз Президенти Андижонга ташрифи чоғида Шаҳрихонда ҳунармандлар шаҳарчаси қуриш таклифини билдирганди. Шаҳрихонликлар бу таклифдан қувониб, ишга киришдилар. Тошкент - Ўш катта магистраль йўл бўйидан жой ажратилиб, бунёдкорлик ишлари бошлаб юборилди. "Шаҳрихон уй-жой қурилиш-2020" масъулияти чекланган жамияти усталарининг миллий меъморий усулнинг ўзига хос жиҳатларини пухта ўзлаштирганликлари ҳар бир бажарилган ишда акс этмоқда.

Объектда 8 миллиард сўмлик қурилиш-монтаж ишлари амалга оширилиши белгиланган. Шаҳарчанинг ҳашаматли дарвозасида, ҳунармандлар хоналарида миллий меъморий усул жило топмоқда. 52 та ҳунармандлик хонаси эшиклари, айвон устунлари ёғоч ўймакорлиги намунасини кўрсатиб турибди. Шаҳарча марказидан мўъжаз бозорча ўрин оляпти. Ҳар бир ҳунарманд маҳсулотини шу жойда харидорларга ҳавола қилади.

– Шаҳарчанинг қурилиши ҳунармандлар учун жуда катта қулайлик, – дейди кандакор Муҳаммадсодиқ Неъматов. – Юртимизнинг қўли гул усталарини дунёга танитади.

Шаҳарча атрофини кўкаламзорлаштирилгани, анвойи гуллар экилгани кўркамликни янада оширди.

Шаҳрихонда кўп қаватли уй-жойлар қуришда, ҳунармандлар шаҳарчаси бунёдкорлигида замонавийлик ва миллий меъморий услуб бири-бирини тўлдириб, мукаммаллик касб қилмоқда.

Аҳмадилло СОЛИЕВ.

Хурсандбек АРАББОЕВ олган сурат.

Мақола Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини

қўллаб-қувватлаш Жамоат фондининг гранти асосида тайёрланди.