ШАҲРИХОН ДАЛАЛАРИДА ПАХТА ОЧИЛДИ

03.08.2023 1564
Шаҳрихон туманидаги фермер хўжаликлари далаларида 70 фоиз пахта очилди. Мутахассисларнинг фикрича, бу йил об-ҳавонинг иссиқ келиши, қолаверса агротехника тадбирларининг ўз вақтида ва сифатли ўтказилаётгани туфайли ғўза кўсаклари июль ойининг бошиданоқ очила бошлаган.
Тажрибали деҳқон Акмалжон Сатторов раҳбарлигидаги «Хомиджон» фермер хўжалиги тумандаги илғор жамоалардан бири. Фермер хўжалиги далаларида томчилатиб суғориш технологиясидан унумли фойдаланиляпти. Дала майдонларида тўсиқларсиз обиҳаёт оқиб турибди. Экин майдонлари четидаги кекса мажнунтоллар эса Акмалжон аканинг илк фермерлик чоғларига гувоҳ.
- Фермер хўжалигимиз ташкил топганига 17 йил бўлди. Жорий йилдан экинмайдонларимизда томчилатиб суғориш технологияларидан фойданилмоқда. Бу усул билан сув тежаляпти, ўғит, иш ҳақи, техника харажатлари ҳам иқтисод қилинмоқда, - дейди А.Сатторов.
- Томчилатиб суғоришда кам миқдорда сув сарфлаб, пахталаримизни аллақачон бир неча маротаба суғориб олдик. Олдинлари сувчиларимиз қийинчилик билан зовурларни тўсиб, суғориш ишларини амалга оширар эди. Эндиликда бу қийинчиликлар ҳаммаси ортда қолди. Ғўзалар ҳар доимгиданда кўпроқ кўсаклади. Ҳозирда даламизнинг 35 гектари пахтазор.
Ўз касбининг ҳадисини олган фермер ёз кунларининг юқори ҳароратига қарамасдан оқ олтин даласида ҳозиру-нозир.
Мўминжон ака Абдураҳмонов туманимизда 204 та пахтачиликка ихтисослашган фермер хўжаликлари мавжуд - дейди. У ҳозирда Шаҳрихон тумани Қишлоқ хўжалиги бўлим бошлиғи вазифасида ишлайди.Ҳамсуҳбатимиз фикрини давом эттирар экан, беихтиёр сув тежовчи технологиялар ҳақида гап бошлади.
- Ҳозирги кунда 2100 гектардан зиёд майдонларда томчилатиб суғориш жорий қилинган. Унинг ёрдамида нафақат сув тежалмоқда, балки минерал ўғитлар ўсимликнинг ўсиш нуқтасига етиб боряпти. Турли ҳаражатлар ҳам камайган. Ушбу агротехник тадбирлар амалга оширилган майдонларда олдин 35 центнергача ҳосил олинган бўлса, ҳозирда 45-50 центнер кўзда тутиляпти.
Биз шаҳрихонлик пахта усталарининг хирмонига барака тилаб қоламиз.
Нуржаҳон Йўлдошева