Бугуннинг гапи

ШАҲДАМ ЮРГИМ КЕЛЯПТИ


09.05.2019   5103

Навоий шох кўчасидан ўтаётган ҳарбий техникалар карвонини кўриб, қалб қувнайди. Айниқса, болаларнинг ҳаяжони кўзига сиғмайди. Катталар ҳам бу томошани кўпдан буён кўрмагани учун соғингани билиниб турибди.

- Бундай парадларни 25-30 йиллар нарида кўрганмиз, - хотирлайди меҳнат фахрийсиЭргашбой Абдуллев. – Ҳамма ғалаба кунини бошқача шукуҳ билан қарши оларди. Бугунги техникалар намойишидан мамлакатимиз Қуролли Кучларининг нақадар қудратга эга эканлигини, юртимиз тинчлиги, осойишталигига хеч бир куч раҳна сола олмаслигини юракдан ҳис этяпмиз. Ўзим ҳам улар сафида шахдам қадамлар ташлаб юргим келяпти.

- Маҳалламизга янги раис сайладик, - суҳбатга қўшилди оқсоқоллардан яна бири Ҳаётилло Йўлдошев. – Байрам муносабати билан шаҳардаги “Янги ҳаёт” маҳалласидаги кам таъминланган, эҳтиёжманд оилалар хонадонига ташриф буюриб, ҳолидан хабар олинди. Ўтганларни ёдлаш, ҳаёт бўлганларини қадрлаш, эъзозлаш мақсадига йўналтирилган ва миллий қадриятларимизни ўзида мужассам этган бу байрам умрбоқий бўлиб қолади.

Техникалардан сўнг ҳарбийлар, вилоят ташкилотлари, йирик корхона, муассасалари раҳбар ходимлари, ишчи-хизматчиларидан иборат коллоналарнинг саф юриши бошланди.

-Вилоят ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармаси таркибида параддан ўтдик, - дейди Андижон автомобил йўллари қурилиши касб-ҳунар коллежи руҳшуноси Зебунисо Ражабова. – Бу менга ўзгача қувват, янгича шижоат бахш этди. Ўтказилаётган бу каби тадбирлар барча иштирокчиларга ишонч, ғайрат, собитқадамлик бағишлашини яна бир карра ўз танамдан ўтказдим.

- Умумий ўрта таълим мактабларида таҳсил бераётган чақирувга қадар тайёргарлик фани ўқитувчиларига етакчилик қилиб ўтдим, - деди Андижон шаҳар халқ таълими бўлими услубчиси Шерзодбек Холматов. - Уларнинг аксарияти ҳарбий қисмларда фаолият кўрсатиб, айни кунда нафақада бўлган заҳирадаги зобитлар. Бугун ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, жисмонан чиниқтириш, ақлан камолотга етказишда улардан катта куч ва ғайрат талаб этилади. Биз ана шу мақсадни амалга ошириш йўлида ўз имкониятларимизни ишга солиб меҳнат қилмоқдамиз.

Кўчанинг икки томони томошабинлар билан тўлди. Парад иштирокчиларига олқишлар янгради. Шаҳар ҳокимлиги ёнида тикланган минбарда сектор раҳбарлари, давлат, жамоатчилик вакиллари билан сафдагиларни қўллаб-қувватлаб турдилар.

М.Тўхтаназаров.