Андижон 24

ШАҲАРЛИКЛАРНИ ҚИЙНАЁТГАН МУАММОЛАР...


27.07.2019   4290

уларни бартараф этиш учун вилоят ҳокими Боғишамолда сайёр қабул ўтказди

27 июль, шанба куни вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов фуқароларнинг муаммоларига ечим топиш мақсадида навбатдаги сайёр қабулини Андижон шаҳрининг Боғишамол даҳасидаги ижтимоий-иқтисодиёт ва педагогика коллежида ўтказди. Бу ҳақда auz.uz сайти онлайн-гуруҳи хабар бермоқда.

Унда халқ таълими, мактабгача таълим, касб-ҳунар таълими, маданият, бандлик, соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги, уй-жой ва коммунал хўжаликлари, ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармалари, вилоят хотин-қизлар қўмитаси, ҳуқуқ-тартибот органлари, тижорат банклари каби бошқа кўплаб тегишли ташкилотлар мутасаддилари иштирок этди.

Муаммолар юзма-юз, ошкора кўтарилган учрашувда ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва ўзларининг қонуний манфаатлари билан боғлиқ масалалар юзасидан мурожаатлар қелиб тушди.

Сайёр қабулда фуқароларнинг уй-жой, саломатликни тиклаш, йўлларни таъмирлаш, сув, электр энергияси, газ таъминоти, моддий ёрдам каби ўнлаб масалаларда мурожаатлари қабул қилинди. Уларнинг аксарияти жойида ҳал этилган бўлса, қолганлари бўйича белгиланган муддатда ижросини таъминлаш юзасидан назоратга олинди.

- Турли оилавий можаролар сабабли турмушимдан ажраб, 4 нафар фарзандим билан ота уйимга қайтиб келганман - дейди Андижон шаҳрининг Ўзгариш маҳалласида истиқомат қилувчи Орифахон Мирзалимова. – Доимий ота-онам, акаларимнинг қўлига қараб яшамайманку, ишлашим керак. Чеварликдан яхшигина хабарим бор. Афсуски, шундай бўлсада иш топилмаяпти. Ишлайман, деб туман бандликка кўмаклашиш маркази ва шаҳар ҳокимлигига бир неча маротаба мурожаат қилдим. Лекин натижа бўлмади. Бугун яхши умидлар билан сизни олдингизга келдим. Ишга жойлаб қўймасангиз бўлмайди.

Вилоят ҳокими Орифахоннинг мурожаатини эшитиб, вилоят бандлик бошқармасига масала ечим топиб, шаҳардаги тикувчилик корхоналарининг бирига ишга жойлаштириш бўйича топшириқ берди.

Мурожаатларнинг асосий қисми уй-жой муаммоси бўлгани туфайли вилоят ҳокими ушбу масала бўйича келган 30 га яқин фуқаролар билан учрашиб, уларга тушунтиришлар бериб, саволларига жавоб қайтарди.

Қабул доирасида анъанага кўра, аҳолининг муайян қисми эҳтиёжларини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркаси ва аҳолини чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиш тадбирлари ҳам ташкил этилди.