ЖАМИЯТ

Сени соғиндик, қалдирғоч!


11.03.2018   2574

Наврўзни қалдирғочсиз тасаввур этиш қийин. Халқимиз кўкламда қанотлари қоп-қора, миттигина бу қушнинг учиб келишини соғиниб кутади. У баҳор даракчиси, азиз ва қутлуғ меҳмон.

– Қалдирғоч ўрик гуллаганда шамол билан келади, – дейди Андижон шаҳридаги Мусаев кўчасида яшовчи, тўқсонинчи баҳорини қаршилаётган момо Лолахон Содиқова. – У ин қурган хонадонга файз, бахт киради, ғам-андуҳ нари кетади.

Яқинда Бўстон даҳасидаги 5-кўп қаватли тураржой биноси капитал таъмирланди. Унда яшовчилар қурувчилардан тўртинчи қаватдаги йўлакнинг шифт билан туташган бурчагига лойдан ясалган инни бузмасликларини илтимос қилдилар.

– Кўп ўтмай қалдир-ғочлар инига учиб келишади, бола очадилар, – деди қўшнилар. – Уларга қараб баҳридилимиз яшнайди. Шу қушларни аҳил яшаётганимиз, тинчлигимиз, файзу баракамизнинг тимсоли, деб биламиз.

Балиқчи туманининг Оқтепа маҳалласидаги хонадонларнинг ҳар бирида бир нечтадан қалдирғоч инларини кўрасиз. Баҳорда улар дам осмонни тўлдириб, дам кўм-кўк далаларга кўкси теккудай бўлиб учадилар, гўё қишлоққа ризқ-рўз улашаётгандай.

Қалдирғоч деганимиздаёқ юзимизга табассум, илиқлик югуради. Уни ўзгача таърифлаб, шеър битмаган шоир йўқ. Қанча қўшиқ ва куйлар шу қуш номи билан боғлиқ. Шоира Мунавваранинг «Эй қалдирғоч» шеърида у она диёрга меҳр ифодаси сифатида таърифланади. Шеър ҳам-юртимиз, машҳур хонанда Озодбек Назарбеков ижросида куйланаётганда қалбларга баҳор шуури сочилаётгандай, борлиқни қуёш тафти қучаётгандай ҳузур қиласиз:

Эй қалдирғоч, қайга шошасан,

Чуғурлайсан, недан хафасан?

Айвонига ин солган қушни

Кутган элни қайдан топасан?

Тўлқин СиддиҚ.