ЖАМИЯТ

СЕҲРЛИ ДУНЁГА САЁҲАТ


20.08.2019   1543

Бола бошидан билинади, деган нақл бежиз айтилмаган. Мурғаклигида берилган тўғри тарбия эртага ҳамма ҳавас қиладиган умр йўлларига пойдевордир, тўғрими? Бунда, албатта, китобнинг ўрни ниҳоятда бўлакча. Мутолаага кичикликдан ўргатилган фарзанд маънавиятли, маданиятли, мулоҳазали бўлиши тасдиғини топган.

Муаллимаман, 23 йилдан буён таълим соҳасида фаолият юритиб келяпман. Болажонлар жону дилим. Уларга зиё улашиб, завқ оламан. Айниқса, ҳар гал ёшларига мос китобларни тавсия қилиб, бирга ўқиб, ўрганиб яна болалигимга қайтгандек бўламан.

Бир неча асарлар муаллифи, журналист ва ёзувчи Тўлқин Расуловнинг "Биз яна дўстмиз" деб номлаган янги китоби қўлимга тушиб қолди. Уни ўқиб чиқиб, янги ўқув йилида ўқувчиларимга яхшигина туҳфа экан, деб ўйладим. Шу вақтга қадар муаллифнинг "Бувимнинг қувончи", "Меҳр", "Андижон машъаллари, "Йўқолган кўприк", "Шифокор бахти", "Кулганга олам кулар" сингари ҳикоя ва қисса, мақола ва очерклар тўпламлари босилиб чиққан экан.

Янги китобидаги "Айиқ менинг дўстим" номли қисса ҳамда болалар учун хандалар чиндан ҳам ўзида беғуборлик, соддалик, куртак отаётган инсоний фазилатлар, меҳрибонлик, табиат билан дўстлашув қанчалар жозибадор ва маъноли ифода этилгани билан ёш китобхонларни жалб қилади олади. Дўстлик, ота-оналарнинг фарзандига, фарзанднинг эса ота-онага муҳаббати содда, равон тилда акс эттирилган. +иссадаги Шавкатжон ва Акрамжоннинг саргузаштлари орқали қишлоқ ва шаҳар ҳаёти, табиатнинг гўзаллиги, болаларнинг ҳайвонот оламига муносабати, аминманки, ўқувчиларда катта қизиқиш уйғотади.

"Болалар хандаси" туркумида мактаб ҳаётидаги қизиқ-қизиқ воқеалар, покиза баҳслар ним табассум остида янада ёрқин очиб берилган. Масалан, "Сендан зерикибди" номли хандада икки кичик дўстнинг ўзаро суҳбати билан қушларга муносабат ойдинлашади. Оддий какликни гапиришга ўргатган Дилмурод табиат билан, қушлару ҳайвонлар билан қандай дўстлашишга ҳам ўргатаётгани беғубор юмор билан ифодасини топган. Мазкур китобни ҳамкасбларимга ҳам, уларнинг ўқувчиларига ҳам тавсия қиламан.

Муқаддасхон

НИЗОМОВА,

Андижон туманидаги 1-умумтаълим мактаби ўқитувчиси.