ЖАМИЯТ

САЙЁР СУД МАЖЛИСИДА 13 НАФАР МАҲКУМ ОЗОД ЭТИЛДИ


15.05.2018   1644

Андижон туманида сайёр суд мажлисибўлиб ўтди. Унда озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазоларни ижро этиш инспекцияси хисобида аҳлоқ тузатиш ишлари, муайян ҳуқуқдан маҳрум этиш, шартли синов ва озодликни чеклаш жазоларини ўтаётган муқаддам судланган шахслар томонидан кайта жиноят содир этилишининг олдини олиш ҳақида сўз борди.

Жазо ўтаётган 42 нафар маҳкумлар иштирок этган тадбирда қайта жиноят содир этилишининг ҳуқуқий оқибатлари, жазони ўташ қоидалари бўйича тушунтириш ишлари олиб борилди. Улар орасидан 13 нафари Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 73-моддасига асосан муддатидан илгари шартли равишда озод этилди.

Сайёр судда жиноят ишлари бўйича Андижон туман суди раиси Носиржон Расулов, вилоят Ички ишлар бошқармаси Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси бошлиғи Исомидин Исманов, тумандаги давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, фуқаролар қатнашдилар.

-Бу каби тадбирлар вилоятимиз миқёсида кенг қамровда ташкил этилмоқда, - дейди вилоят Ички ишлар бошқармаси Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси бошлиғи ўринбосари Мирзохид Мамиржонов. -Ўтган йилларга нисбатан қайта жиноятларнинг сони камайишига эришилган бўлсада, бу иллатнинг олдини олиш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, ҳар бир инсоннинг жамиятда муносиб ўрнини топиб кетишига кўмаклашиш учун барчамиз биргаликда ҳаракат қилишимиз лозим.

Профилактик аҳамиятга эга бўлган ва миллий қадриятларимиз, бағрикенглик тамойилларимизга тўла мос тушадиган мана шундай тадбирлар фуқароларнинг ҳуқуқий билимларини оширишга, ибрат мактабини ўташга хизмат қилади.

М.Тўхтаназаров,

Р.Эшонов.