Сайлов - 2021

САЙЛОВГА 3 КУН ҚОЛДИ


21.10.2021   287

Шу йил 24 октябрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови юртимиз тараққиёти, бугуни ва эртаси учун ғоят муҳим аҳамиятга эга. Шу маънода, ҳар бир фуқаро бу ўзига хос имтиҳонга катта масъулият билан ёндашиб, сиёсий савияси ҳамда ҳуқуқий маданиятини намойиш этган ҳолда овоз бериши айни зарурат ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 57-моддасига мувофиқ, сайлов куни ўз яшаш жойида бўлиш имкониятига эга бўлмаган сайловчи муддатидан олдин овоз бериш ҳуқуқига эга.

Марказий сайлов комиссиясининг тегишли қарорига биноан Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи сайлов участкаларида сайлов куни ўз яшаш жойида бўлиш имкониятига эга бўлмаган сайловчилар учун муддатидан олдин овоз бериш 2021 йил 14 октябрь куни бошланиб, 2021 йил 20 октябрнинг якуни (соат 9:00 дан соат 19:00) га қадар ўтказилиши белгиланди.

2-Андижон округ сайлов комиссиясида бўлиб ўтган навбатдаги брифингда комиссия раиси Комилжон Комилов вилоятимиздаги оммавий ахборот воситалари вакилларига, аккредитациядан ўтган журналистларга 20 октябрь куни соат 19.00 да 2-Андижон сайлов округи ҳудудида муддатидан олдин овоз бериш якунланганлиги хусусида ахборот берди.

- Вилоятимизда ташкил этилган сайлов участкаларида жами 15769 нафар сайловчи Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида муддатидан олдин овоз бериб, ўзларининг Конституциявий ҳуқуқларидан самарали фойдаландилар, - деди раис брифингда. - Сайлов жараёнининг барча босқичларида амалга оширилган ишлар тўғрисида жамоатчиликка ўз вақтида маълумот бериб бориш учун округ сайлов комиссиясининг Матбуот маркази фаолият олиб бормоқда. Муддатидан олдин овоз бериш бошланганлиги ва пандемия шароитида сайлов ўтказиш бўйича вилоят телерадиокомпанияси, вилоят ижтимоий-сиёсий нашри - “Андижоннома” газетаси ва мазкур газетанинг auz.uz ва andijonnoma.uzрасмий веб сайтлари, 2-Андижон округ сайлов комиссиясининг телеграмм каналида ва бошқа ижтимоий тармоқларда холис ва тезкор ахборотлар жойлаб борилди.

Яна бир бор эслатиб ўтмоқчиман, сиёсий кампаниянинг ҳал этувчи палласига 3 кун қолди.Овоз бериш куни вилоятимизда 1 миллион 787 минг 804 нафарсайловчининг фаол иштироки кутилмоқда. Уларнинг 564 минг 156 нафардан зиёди ёшларни ташкил этади. Шунингдек, 16 та сайлов участкасида сайлов кунги барча жараёнлар видеокузатув асосида дунёга намойиш этилади.

Муҳим сиёсий тадбирни мамлакатимиз сайлов қонунчилигининг демократик қоидаларига тўлиқ риоя этган ҳолда ўтказиш, фуқароларнинг умумий ҳамда тенг сайловларда хоҳиш-иродасини эркин билдиришига оид ҳуқуқларини рўёбга чиқаришга кўмаклашиш– бош вазифамиз ҳисобланади.

Барчани 24 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида фаол иштирок этишга чорлаб қоламан.

2-Андижон округ сайлов комиссияси Матбуот маркази.