Андижон 24

САЙЛОВ ҲАҚИҚИЙ СИНОВ ВА ДЕМОКРАТИЯ КЎЗГУСИ БЎЛДИ


12.02.2020   1077

Вилоят сайлов коммиссиясининг Халқаро Матбуот Маркази ҳудудий бўлими залида ўтказилган давра суҳбатида айни шу фикр қатъий эътироф этилди. Марказий сайлов комиссияси аъзолари Баҳодиржон Юнусов ва Ферузахон Аҳмедова иштирокидаги очиқ мулоқотда вилоят, туман, шаҳар округ, участка сайлов комиссиялари фаоллари, бўлиб ўтган сиёсий жараёнга доҳил идора ва ташкилотлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари ўз фикр-мулоҳазаларини ўртага ташладилар.

Қўлга киритилган тажриба, муваффақиятларни таъкидлаб ўтишга ҳожат йўқ, эътибор суст қаратилган жиҳатлар, йўл қўйилган камчилик ва хатолар хусусида фикрлашайлик, келгусида нималар қилмоғимиз керак – мана шу тамойил асосида давра суҳбати турли-туман мулоҳазалар, таклифлар майдонига айланди.

2019 йил 22 декабрдаги сайловлар ҳамда 2020 йил 5 январь кунги такрорий овоз беришда иштирок этган сайловчи бундан беш йил аввалги сайловчи эмас, одамларнинг онги ва дунёқараши бутунлай ўзгарган, номзодларга талабчанлик ортган. Халқни рози қилиш тамойили асосида бугун, эртага ким нима қила олади – мана шу саволга жавоб изланди.

Янги қабул қилинган Сайлов кодекси хусусида қизғин мулоҳазалар бўлди. Вилоят сайлов комиссияси раиси ўринбосари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати сайловини ўтказувчи 9-Андижон сайлов округи раиси, сиёсий партиялар вилоят кенгашлари раислари, жумладан,Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси раҳбари, молия, ички ишлар, адлия, алоқа ва ахборотлаштириш, “Ер мулк кадастр” бошқармалари мутасаддилари, туман, шаҳар участка сайлов комиссияларининг бир гуруҳ раислари сайлов жараёнларини ўтказишда кузатилган муаммолар юзасидан фикр-мулоҳазаларини баён этдилар.

Сайлов кодексининг 96-моддаси 3-бандидаги сайловда овоз беришда иштирок этган сайловчилар ярмидан кўпининг овозини олган номзод сайланган деб ҳисобланади. Сайловда иштирок этадиган сайловчиларнинг 33 фоизи қайд этилганда, сайлов ҳақиқий деб ҳисобланади.Агар битта округдан 1 ўринга 5 нафар номзод кўрсатилганлиги ҳисобга олинса, сайловчилар минимал миқдори қатнашган сайловда номзодларнинг овоз олиш фоизи бўлиниб кетади. Демак, хулосага келишда нисбийлик тамойилига суяниш мақсадга мувофиқ бўлмасмикан?

Сайлов комиссияси аъзоларининг таркибида 50 фоиз бир жойдан, 50 фоизи бошқа ташкилотлардан талаб қилиниши қийинчилик туғдирди.

Босма оммавий ахборот воситаларининг сайлов кампанияси даврида фаол, мунтазам, изчилиштирокини таъминлаш учунижтимоий-сиёсий нашрларининг иловаси сифатида “Сайлов ахборотномаси” ни чоп этиш ва максимал даражада сайловчиларга етказиш мақсадга мувофиқлиги айтиб ўтилди. Сайловчилар фақат партиялар томонидан чоп этилган тарқатма материаллар орқалигина номзодлар ҳақида тушунчалар олишса, бир ёқлама тасаввур пайдо бўлади. Аслида бир сайловчи бир пайтнинг ўзида бешта номзод ҳақида маълумотга эга бўлиши керак.

Аксарият номзодларнинг дастурларида бир хиллик, қўпол имловий хатолар кўзга ташланди. Ҳудудларнинг ўзига хос ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-маънавий жиҳатларидан келиб чиқиб дастурларни яратиш, ҳар бир сайлов участкасига журналистларни бевосита бириктириш ҳам холислик муҳитини яратади.

Мулоқотлар давомида тилга олинган камчилик ва муаммолар, уларнинг ечими бўйича билдирилган таклифлар асосида таҳлилий маълумотнома тайёрланиб, Марказий сайлов комиссиясига тақдим қилинадиган бўлди.

Гулжаҳон ЖАББОРОВА.

Хурсандбек АРАББОЕВ олган суратлар.