Сайлов - 2021

Сайлов – 2021: ҲАҚ СЎЗНИНГ КУЧИ ВА ТЕЗЛИГИ МУҲИМ БОСҚИЧДА ЯҚҚОЛ КЎРИНАДИ


25.09.2021   628

24 сентябрь куни 2-Андижон округ сайлов комиссияси Матбуот марказида навбатдаги матбуот анжумани ўтказилди.Унда маҳаллий оммавий ахборот воситалари журналистлари, ижтимоий тармоқ фаоллари иштирок этдилар.

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови кампанияси ҳал қилувчи паллага кирди. 20 сентябрдан сайловолди ташвиқоти бошланди. Сайлов кодексига асосан сайловолди ташвиқотида давлат оммавий ахборот воситаларидан фойдаланишда Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларга ҳажмига кўра бир хил бўлган эфир вақти ва нашр майдони беришда тенг шароитлар таъминланади.

Анжуманда Марказий сайлов комиссиясининг 23 сентябрь куни бўлиб ўтган йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига доир сайлов бюллетенининг шакли ва матни тасдиқлангани айтиб ўтилди. Округсайлов комиссияси раиси Комилжон Комилов олиб борилаётган тайёргарлик ишлари юзасидан ахборот берди.

Жараённинг очиқлиги ва ошкоралигини таъминлаш, жамоатчиликни сайлов кампаниясининг барча босқичлари хусусида ўз вақтида хабардор қилишда оммавий ахборот воситалари муҳим ўрин тутади. Шу кунгача маҳаллий босма ҳамда электрон оммавий ахборот воситаларида сайлов кампанияси билан боғлиқ 300 га яқин материаллар эълон қилинди. Шу ўринда сўз билан бевосита элнинг корига яраётган журналистлар зиммасидаги масъулият янада ошади. Ҳақ сўзнинг кучи ва тезлиги кампаниянинг муҳим босқичида яққол кўринади.

Сайловолди кампаниясида оммавий ахборот воситалари номзодлар учун ошкоралик ва очиқлик муҳитини яратишга кўмаклашишлари ва улар билан боғлиқ очиқ ахборотни тезкорлик билан, ҳаққонийлик, тенглик ва холислик асосида тарқатишлари талаб этилади.

Мажлис давомида сайлов қонунчилигига киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларнинг мазмун-моҳияти,фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари, сайловнинг очиқ ва ошкоралигини таъминлашда журналистларнинг вазифалари, кузатувчилар институти мавзуларида фикрлар алмашилди.

Тадбир иштирокчилари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ёритувчи 2-Андижон сайлов округи Матбуот маркази, округ сайлов комиссияси фаолияти билан ҳам танишдилар.

2-Андижон округ сайлов комиссияси Матбуот маркази.