ЖАМИЯТ

САВОЙЛИКЛАР ЭНДИ КАСАЛ БЎЛИШМАЙДИ. АКСИНЧА КАСАЛЛИКНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШАДИ.


30.08.2019   1764

Қўрғонтепа туманининг Бирлик маҳалласида Савой-1 қишлоқ врачлик пункти қайта таъмирдан чиқарилиб, Истиқлол айёми арафасида фойдаланишга топширилди. Бу ҳақда “auz.uz” мухбири хабар бермоқда.

Очилиш маросимида сўзга чиққан вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов сўнгги йилларда мамлакатимизда аҳоли саломатлигини мустақҳамлаш, фуқароларда тиббий маданиятни шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.

“Ўзим ҳам қишлоқда туғилиб, катта бўлганман. Яхши биламан, шифокорлар зах хоналарда ўтиришар, одамларни қабул қилиш учун ҳеч қандай имконият йўқ бўлганини. Пунктга кирган ҳар қандай соғлом одам ҳам касал бўлиб чиқиши аниқ эди, бундай шароитда. Мана сўнгги икки йил ичида муҳтарам юртбошимизнинг эътибори туфайли соғлиқни сақлаш соҳасида ҳам туб ислоҳотлар олиб борилмоқда. Тиббиёт муассасалари қайта реконструкция қилиниб, фойдаланишга топширилмоқда. Мен истардимки, бу ерга одамлар касал бўлиб эмас, аксинча касалликни олдини олишга келишсин. Ана шундагина кўзлаган мақсадимизга эришган бўламиз”,- деди вилоят раҳбари ўз нутқида.


Қўрғонтепа туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғининг ўринбосари Хотамжон Назаровнинг маълум қилишича, муассаса 1985 йилда ташкил этилган бўлиб, 4600 нафар аҳолига хизмат қилади. 50 қатновга мўлжалланган мазкур иншоот охирги маротаба 2004 йилда реконструкция қилинган. Сўнггийиллардабино ва ундаги жиҳозлар таъмирталаб холга келиб қолган. Вилоят раҳбарининг ташаббуси билан май ойида пунктда қайта таъмирлаш ишлари бошлаб юборилган.Бунинг учун маҳаллий бюджет ҳисобидан салкам бир ярим миллиард маблағ сарланган.

Қурилиш ишлари “Инновацион қурилиш” масъулияти чекланган жамияти қурувчилари томонидан олиб борилди. Натижада шифокорлар ва беморлар учун барча шароитлар яратилди.

- Муолажа, эмлаш, физотерапия хоналарида ҳамқишлоқларимизга намунали хизмат кўрсатишимиз учун барча қулайликларга эга бўлдик, - дейди ҚВП ҳамшираси Раҳимахон Мадалиева. – Шинам хоналарда ишлаш биз учун завқ бағишласа, келаётган беморларимизга хушкайфият бағишлаб, тезроқ тузалишлари учун омил бўлади.

ҚВП биносида “Андижон дори-дармон” МЧЖ 249-сонли дорихона шаҳобчаси ҳам ишга туширилган бўлиб, айни пайтда бу ерда 800 турдаги дори воситалари сотилмоқда.