Хорижда

САУДИЯ АРАБИСТОНИДА ХОТИН-ҚИЗЛАР ҲАМ АРМИЯДА ХИЗМАТ ҚИЛИШАДИ


09.10.2019   3250

Саудия Арабистонида хотин-қизларга мамлакат қуролли кучлари сафида хизмат қилишга илк маротаба рухсат берилди. Бу ҳақда РИА Новости маҳаллий нашрга таянган ҳолда хабар тарқатди.

Маълум қилинишича, аёллар қуролли кучларнинг турли соҳаларида, жумладан, ҳаво кучлари, денгиз флоти, ҳаво мудофааси кучлари, стратегик ракеталар ва тиббий хизматида ҳам оддий аскар, ҳам офицер унвонига даъвогарлик қилишлари мумкин.

Штаб генерали Ҳасан аш-Хашрининг айтишига кўра, хотин-қизларни ҳарбий хизматга чақириш тўғри йўналиш сари қадам саналади. Шу билан бирга, у мамлакат армиясида аёллар учун иш тўлиб ётганини таъкидлаган.

Саудия Aрабистони аёлларининг ҳарбий хизматга жалб қилиниши консерватив давлатдаги аёллар ролини ўзгартириш бўйича қиролликнинг янги қадами ҳисобланади. Валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмон бошчилигида ишлаб чиқилган дастурга биноан аёллар қиролликдаги ислоҳотларда иштирок этувчи ҳаракатланувчи кучга айланиши керак.