Бугуннинг гапи

САРИҚ КАСАЛЛИГИ ФАҚАТ ЖИГАРНИ ЭМАС, БУТУН ОРГАНИЗМНИ ЗАРАРЛАЙДИ


09.04.2019   980

Халқимиз орасида сариқ ёки Боткин касаллиги деб ном олган вирусли гепатит ҳақида барча турли даражада тасаввурга эга, албатта. Фақат жигарни эмас, бутун организмни зарарловчи хасталик вақтида даво чоралари кўрилмаса, ўзидан кўпгина оғир асоратлар қолдириши бор гап.

Мазкур касалликнинг бешта асосий – А, В, С, Д, Е турлари аниқланган. “А” ва “Е” турлари ошқозон-ичак йўли билан, яъни ювилмаган, кир қўллар, турли чиқиндилар билан ифлосланган сув, озиқ-овқат маҳсулотлари орқали пайдо бўлса, қолган турлари жароҳатланган тери, шиллиқ қаватлар, хусусан, стоматологик, гинекологик, жарроҳлик муолажалари ўтказилаётганда, жинсий алоқа пайтида, онадан болага ҳомила ривожланаётган чоғда ҳамда туғиш жараёнида юқиши мумкин.

Касалликнинг энг асосий белгилари эса бўшашиш, кўнгил айниши, қусиш, ҳолсизлик, иштаҳанинг пасайиши, тери ва шиллиқ қаватларнинг сарғайиши, сийдик рангининг қизариши, ҳароратнинг 37-38 С даражага кўтарилиши, ўнг қовурға ёйи остида оғриқ ва оғирлик бўлиши билан характерланади.

Гепатитларга чалинмаслик учун нима қилиш керак?

Энг аввало, шахсий гигиена қоидаларига қатъий риоя этиш зарур. Қайнатилмаган сув истеъмол қилмаслик, мева-сабзавотларни қайнатилган сувда чайиб истеъмол қилиш, болаларни ёз мавсумида мослаштирилмаган сув ҳавзаларида чўмилишига йўл қўймаслик хасталикка чалинмасликнинг муҳим шартларидан биридир.

Шубҳасизки, биз саломатлик посбонлари ҳам бир марталик тиббиёт анжомларидан қайта фойдаланмасликни, янги туғилган чақалоқлар ҳамда хавфли гуруҳдагилар вирусли гепатитнинг “В” турига қарши режали эмлаткиларни ўз вақтида олишлари шартлигини қатъий назорат қилишимиз зарур. Айни жиҳатларга оғишмай амал қилинган тақдирдагина “сариқ касаллиги” деб аталмиш хавф-хатар йўламайди, кўнгиллар ҳамиша хотиржам бўлади.

Юқорида зикр этилган касаллик белгиларидан бирортаси пайдо бўлганда, албатта, ҳудудий даволаш профилактика муассасаларига зудлик билан мурожаат этиш, шифокор кўрувида бўлиш мақсадга мувофиқ.

Фотимахон НУРАЛИЕВА,

Зуҳрахон ИСМОИЛОВА,

Андижон туманидаги “Ҳақиқат” қишлоқ врачлик пункти умумий амалиёт шифокорлари