Андижон 24

САРДОР ВА САРДОРАНИНГ ЯНГИ УЙИ


30.06.2018   1911

Андижон шаҳридаги Ислом Каримов кўчасида қад ростлаган “Ёшлар уйи” тантанали равишда фойдаланишга топширилди.

Унда вилоят ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Шуҳратбек Абдураҳмонов иштирок этди. Вилоят раҳбари барча ёшларни байрам билан табриклади ва мамлакатимизда олиб борилаётган ёшларга оид давлат сиёсати ўз мевасини бераётганлигини бир қанча мисоллар билан қайд этар экан, давлатимиз рахбарининг 2017 йил 5 февралдаги “Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги фармони бу ишларда дастуриламал бўлиб хизмат қилаётганлигига тўхталди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 8 сентябрдаги “Мамлакатнинг ижтимоий ҳаётида фаол қатнашаётган ёш оилаларни уй-жой билан таъминлашни янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида вилоятимизда ҳам тизимли ишлар амалга оширилаётгани, шу кунга қадар 427 та замонавий лойиҳалар асосида қурилган уйлар ёш оилаларга топширилганлигини алоҳида таъкидлади.

Энг сўнгги замонавий услубда бунёд этилган 50 та хонадонга мўлжалланган мазкур уйлар “Қурилиш пардоз таъмир” масъулияти чекланган жамияти бунёдкорлари томонидан қисқа фурсатда сифатли қуриб битказилди.

- Бугун бизнинг оиламизда қўшалоқ байрам, - дейди Ўзбекистон “Милий тикланиш” демократик партияси вилоят кенгаши етакчи мутахассиси, “Ёшлар қаноти” раҳбари Сардорбек Даминов. – Узоқ кутилган дамлар етиб келдик. Биринчидан бугун Ёшлар кунини нишонлаётган бўлсак, иккинчидан байрам арафасида янги уйга кўчиб ўтганимиздан ҳурсандмиз. Юртбошимиз томонидан бизга билдирилган ишончни оқлашга астойдил ҳаракат қиламиз. Турмуш ўртоғим Сардора билан бирга сидқидилдан меҳнат қилишга, фарзандларимизни Президентимиз истаганидек ҳеч кимдан кам бўлмайдиган инсонлар қилиб вояга етказишга ваъда берамиз.

Эслатиб ўтамиз, замонавий лойиҳалар асосида қурилган мазкур “Ёшлар уйлари” давлат ва жамоат ҳаётида фаол иштирок этаётган, фан, таълим, маданият, спорт, ишлаб чиқариш ва бошқа соҳаларда юксак натижаларга эришаётган, республика ҳамда халқаро олимпиадалар, мусобақалар, фестивалларда фаол қатнашаётган ёшларни рағбатлантириш, ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида уйнинг тўлови учун бошланғич бадалсиз, 20 йил муддатга имтиёзли ипотека кредити асосида берилади.

Байрам тадбирлари жойларда давом этмоқда.

Умиджон МАМАРАСУЛОВ.

Рустамжон Эшонов олган суратлар.