ЖАМИЯТ

САРДОБАЛИКЛАР ҲИКОЯСИ


17.05.2020   1965

Одамлар одатда қувончли кунларни ёдда сақлаб қолишни исташади. Аммо, инсон ҳаётида шундай кунлар бўладики, уни унутишни истасангда кўз олдингдан кетмайди, тушларинга кираверади, ўша кун тафсилотлари борича яна хотирангда тикланаверади. Сардобаликлар ўз уйларидан айрилган кунларини шундай эслашади...

Икки ногирон болам билан уйда қолиб кетишдан қўрқдим

Шовқин-сурон, бақир-чақирлардан уйғониб кетиб, кўчага чиқдим. Қўни-қўшнилар кўчага отилаётганди, ҳамма қаергадир шошаётганди. Одамлар устимизга сув бостириб келаётгани, тезда қочишимиз кераклигини айтишди. Мен дамбани - Сардоба сув омборини кўрмаганман, бироқ билдимки уйимиз сув остида қолади. Аҳоли йиғилаётган машина тарафга югурдим. Уйда икки нафар ногирон фарзандларим борлигини уларни ёлғиз ўзим олиб чиқолмаслигимни одамларга айтдим. Кетиб қолмасликларини илтимос қилдим. Тезда ёрдамга келишди биз шошилинчда ҳеч нарсани олишга улгирмадик. Аслида уйда шахсимизни тасдиқловчи ҳужжатлардан бошқа қимматли буюмнинг ўзи йўқ эди. Мол-ҳолларимиз ҳам йўқ, томорқа қилмаганмиз. Ўзим пенсия оламан, икки фарзандим ногиронлик нафақасига эга, шунга кун кўрамиз, холос. Жонимиз омон қолганига шукр. Ногиронлар аравачасидаги қизимни юк машинасига олиб чиқиш қийин кечди. Биз шошилардик. Йўлга чиққач бироз хавотирим пасайди. Аммо, ичим чимиллаб оғрирди, тушунтириб беролмайман уйим эски бўлсаям... яшаб тургандик.

Зарифа ая,

“Ҳақиқат” маҳалласи фуқароси

Ҳамма кетяпти, енгил машиналарнинг ичи тўлган, устига тўрт кишидан чиқиб олган, фуралар, юк машиналар одамлар билан тўлган

— Уй жойларимиздан айрилдик. “Сув омбори уриб кетипти”, деган гапларни одамлардан эшитиб ҳаммамиз, тўғри келган уловга ўтириб қочиб чиқавердик. Оилада саккиз кишимиз. Хўжайиним “Камаз” машина ҳайдайди, мен далага чиқиб тураман, шундай кун кўрардик. Қўй, эчкиларимиз бор эди. Уйимизда соғ нарса қолмапти. Ҳукумат ёрдам қиламан деяпти. Кўчада қолганимиз йўқ. Ҳаммаси яхши бўлар...

Салима Олимова,

"Оқолтин" маҳалласи

Кинолар ҳаётдан олинар экан

Саҳарлик қилиб бўлиб, дам олаётгандик. Қўшниларимизнинг бақир-чақири, болаларнинг йиғи-сиғиси оламни тутди. Мен ташқарига чиқиб қарасам кўча тўла одам. Бақир-чақир, ҳамма қочяпти. “Нексия”нинг томида тўрт киши, фуралар, юк машиналари одамлар билан тўла. Кўриб қўрқиб кетдик. Бошида биз хотиржам эдик. Одамларни бу аҳволда кўргач, довдираб қолдик. “Тошқин келяпти, сел келяпти”, дейишди. Шошиб болаларимини уйғотдим, ҳеч нимани ололмадик. Машинани тўхтатиб чиқиб олдик. Шу кетишда бизни коллежга олиб келиб ташлашди. Кинолар ҳаётдан олинади, дейишганига ишонмас эдим. Бошимиздан ўтган кунларни кўриб, воқеаларни тассаввур қилсангиз шунинг ўзи ҳаёт ҳақиқатларини айтадиган фожиали кино бўлади.

Омонбой Сатторов,

“Оқ олтин” маҳалласи фуқаролари

Беш фарзандни катта қилган бешигим қолди, уйда

— Эрталабдан қўшним қўнғироқ қилди.“Чиқинглар омборни сув уриб кетипти”, деди. Хабарни эшитиб болаларни тезда уйғотдик. Кичигим ўғлимни бешикдан ечдиму, уйдан қочдим. Отаси қизларимни олди. Шундай қочиб чиқиб келавердик. Одамларни фураларда ташиди, йўлда учраганни миндириб кетавердик. Баланддаги уйлар ёрилиб кетганмиш, пасдагиларни сув уриб кетган. Бизнинг ошхона ва молхонамизни сув уриб кетибди. Уйимиз ёрилиб кетганмиш, яшаб бўлмайди, дейишяпти борганлар. Бешта фарзандим бор. Уйда ишга ярайдиган нарса қолмаган дейишяпти. Аммо, биз чиқаётганда ҳали сув келмаганди. Лекин, ҳаммаси учун раҳмат. Бизни ҳукумат ташлаб қўймади.

Хўжайиним мактабда қоравул бўлиб ишлайдилар, мен эса фаррошман. Ҳозир туғруқ таътилидаман. Беш фарзандни катта қилган бешигим қолди, уйда...

Мағфират Сулаймонова,

"Сирғали" қишлоғи

Биргина Қуръон китоби осилган деворимиз қуламапти

— Уч кун ўзимизга келолмадик. Уйқу йўқ, сиқиламан. Йиғлагандан фойда йўқ экан. Жонимиз омон қолди шунга ҳам шукр. Талофат рўй бергандан буён қариндошлар қўнғироқ қилиб уйига чақиришдан тўхташмаяпти. Мен одамларда оқибат йўқ бўлиб кетган деб ўйлардим. Йўқ, оқибат бор экан.

Анорли боғларимиз қолиб кетди. Ҳар йили 500 кг. анор ҳосил олардик. Картошкаларни эрта 15 майда қазиб олмоқчи эдик. Памидорлар эккан эдик. Тўртта молимиз, ўндан ортиқ қўйларимиз бор эди. Сут қатиғимиз ўзимиздан эди. Битта молни арқонини ечишга улгурдим, жонивор жонини сақлаб қолар дедим. Ҳаммасини сув босиб кетипти. Бизни яшайдиган “Учтом” ҳудуди пастлик ҳисобланади. Шунинг учун сув асосан бизнинг қишлоқда тўпланган, кейин Қозоғистон тарафга қараб кетган. Эрталаб ўғлим уйимизга бориб келди. Икки қаватли уйимиздан ҳеч нарса қолмаган деворлар ўпирилган, аммо биргина Қуръон осиғлик турган деворимиз қуламапти. Экинларимиз ҳеч нарса қолмаган. Арқони ечилмаган молимиз шишиб кетган, юпқа телевизорларимиз чил-чил бўлган. Қирқ йиллик уйим эди. Ўша уйда болаларимни, невараларимни катта қилганман. Ҳаммасидан бир кунда айрилдик. Энди қишлоғимизга қайтолмасам керак. Ўша кунни эслашни ҳам хоҳламайман. Мана рухсат берилгач, уйдан яроқли буюмларни олиб келяпмиз. Аммо уйнинг ичига кириш қўрқинчли. Йиқилмаган уйлар ҳам бор, аммо захлаб кетган. Менимча у ерда қайта уй кўтаришнинг иложи бўлмаса ҳам керак.

Қўни-қўшниларимиз ҳар ерга тарқаб кетипти. Тошкент вилоятигача одамлар кетган, дейишмоқда. Президент уй қуриб берамиз, деяпти. Эртага олди қиш келади. Катта ёрдам ташланди. Оқибат йўқ деманг, одамларда оқибат кўтарилмаган экан.

Холбиби Болибекова,

"Бечуст" қишлоғи фуқароси

Анора Содиқова

Манба: ЎзА.