Андижон 24

«Саодат»нинг андижонлик муҳаррири


28.06.2018   1871

Марҳаматлик дилбар шоира, иқтидорли журналист Мунаввара Усмонова Ўзбекистон хотин-қизларининиг севимли журнали «Саодат»га бош муҳаррир этиб тайинланди.

У иш фаолиятини туман хотин-қизлар қўмитаси раислигидан бошлаб,олий таълим даргоҳи, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Маънавият марказларида фаолият юритди. «Дийдор», «Сизга ўхшасин», «Юрагимдасан Ватан», «Бундай элни қайдан топасан», «Она, мен келдим» каби ўндан ортиқ шеърий китоблари мухлислар қўлига етиб борган.

Маҳаллаларда китобхонликни йўлга қўйиш борасидаги ибратли ишларини юқори баҳолаган Президентимиз Шавкат Мирзиёев унинг тажрибаларини республикага ёйиш ҳақида кўрсатма берди.

Мунаввара Усмонованиандижонлик мухлислар номидан табриклаб қоламиз. Ўз ўрнида шоира янги ёзган шеърини таҳририятимизга тақдим этди.

отамга ўхшайсан...

Тупроғингда униб, кафтингда ўсдим,

Офтобим, эркалаб тафтингда ўсдим.

Илдизим жонингга, қонингга туташ

Сенинг шон-шавкатинг, шаҳдингда ўсдим.

Отамга ўхшайсан, жоним Андижон.

Мен сенга шошаман, сен йўл кутасан,

Мен Довон ошаман, сен гул тутасан.

Мен ҳам талпинаман, сен ҳам соғиниб

Кечиксам болам, деб, заққум ютасан.

Онамга ўхшайсан, жоним Андижон.

Мингтепанг қадимдир, шони улуғвор,

Эрши, Довонинг ҳам минг йиллик асрор.

Табаррук тупроғинг гарди мукаррам,

Моҳларойимлардек кўнглимда кибор –

Оғамга ўхшайсан, жоним Андижон.

Кимлардир куйдирди, кимдир гул экди,

Ким мадор, ким сарвдек қаддингни букди.

Шер Бобурнинг юртдан безитган олчоқ,

Юрт деган эрларнинг қонини тўкди.

Ноламга ўхшайсан, жоним Андижон.

Далварзин қирлари асрдан садо,

Эйлатон залворин тан олди дунё.

Сен марду майдонлар бешиги, кони,

Ҳануз Чўлпонингдан таралмиш зиё.

Бобомга ўхшайсан, жоним Андижон.

Эй, кўнглим гавҳари гуллаган бўстон,

Темир тулпорларинг тилларда достон.

Заҳматкаш халқинг бор, гулдир тупроғинг

Эй, азиз диёрим, дилбар, навқирон.

Боламга ўхшайсан, жоним Андижон.

Онамдек меҳрибон, отамдек улуғ,

Дийдоринг илинжим, сабоғинг қутлуғ.

Гулларинг, йўлларинг жонимга туташ

Мен шоир болангга устозсан буюк.

Қаламга ўхшайсан, жоним Андижон.

Отамга ўхшайсан, жоним Андижон...