Андижон 24

САОДАТЛИ ОЙДА САХОВАТПЕШАЛАР КЎПАЙМОҚДА


23.04.2020   1856

Туманимизда 21 та маҳалла бор. Унда 59 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Айни пайтда патронаж ҳамширалари, маҳалла шифокорлари, фаоллар, кўчабошилар билан биргаликда коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш юзасидан зарур чоралар кўрилган. Одамлар карантин бошланган дастлабки кунлари ваҳима тушган бўлса-да, ҳозир вазият мўътадиллашган. Озиқ-овқат дўконларида кундалик зарур маҳсулотларнинг, дорихоналарда гигиена ва антисептик воситаларнинг мунтазам бўлишига алҳида эътибор қаратилганлиги ҳам турли саросималарга барҳам берди.

Давлатимиз раҳбари одамлар тинч-тотув яшаши учун ҳар бир маҳалланинг қулф-калити бўлиши керак, дея бежиз таъкидламадилар. Йил бошиданоқ хориждан қайтган фуқароларимиз рўйхати шакллантирилиб, ишлар изчил олиб борилгани ўз натижасини бермоқда. Уларнинг чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилиши, саломатлиги тўлиқ назоратга олинган.

Ён-веримизда ким қандай ўю фикрда, кимнинг рўзғорида қандай ками бор - буларнинг барчаси маҳалла раисининггина эмас, қўшниларнинг, фаолларнинг ҳам диққат марказида турибди. Исомиддин Жўраев (Улуғбек маҳалласи), Зоҳидахон Ҳасанова (Чўлобод), Набижон Мамасобиров (Мингчинор), Эркинжон Тошпўлатов (Обод) етакчилигидаги ишлар эътиборга молик.

Қолаверса, туман ҳокими ташаббуси билан саҳоватпеша тадбиркорлар зарур антисептик воситаларни тарқатиш аксияларини тез-тез ташкил этишмоқда. Озиқ-овқат маҳсулотларидан иборат ҳадялар, фитр рўзалар бугунги Рўзаи Рамазон ойининг чиройли амалларидан бирига айланди.

Тарихга назар ташласак, халқимиз ҳаётнинг бундан-да оғир синовларини, қийинчиликларини бошдан кечирган. Миллати, тили ва динидан қатъи назар, ҳаммамиз якдилмиз. Белгиланган тартиб-қоидаларга риоя қилсак, аввало, ўзимизни, атрофимиздагиларни асрасак,дунё дардини тезроқ енгиб ўтамиз.

Исмоил ҲАЙИТБОЕВ,

Улуғнор тумани хавфсиз маҳалла фаолиятини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш бўйича бош мутахассиси.