Андижон 24

САНОБАР РАҲМОНОВАНИНГ АЙТИШИЧА...


14.06.2019   1010

ОЛТИНКЎЛ (auz.uz). Эрта тонгдан кўтаринки кайфиятда бошланган фестиваль доирасидаги тадбир туман марказидаги “Жавоҳир” тантаналар саройида кам таъминланган оилалар фарзандлари, имконияти чекланган ёшлар учун ёзилган байрам дастурҳони атрофида давом этди.

Бу ерда туман ҳокимлиги ташаббуси билан 8 нафар болажоннинг суннат тўйи ўтказилди.Унда сўзга чиққанлар табрик ва тилакларини йўллаб, ҳомийлар томонидан юборилган совғаларни ўз эгаларига топширдилар.

Тадбир давомида элимиз суйган санъаткорлар - Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Илҳом Жўраев ва Санобар Раҳмонова, хонанда Нилуфар Каримовалар томонидан ижро этилган қўшиқлар болажонларни рақсга чорлади.

- Иштироким давомида ўзимни ёшлик йилларига қайтиб қолгандек ҳис қилдим, - дейди “Дўстлик” медали соҳиби Санобар Раҳмонова. – Йигит-қизларимизнинг юзига боқин-га эртанги кунга бўлган ишончингиз ортади. Уларнинг кўзларида шижоат, интилиш ва ташаббускорлик яққол кўриниб турибди. Ораларида шундай истеъдод соҳиблари бор эканки, ҳавасингиз келади. Мана шулар эртанги буюк келажакнинг эгаларидир. Жойларга чиқишимиздан асосий мақсад ёшларга тўғри йўл кўрсатиб, замонавий тил билан айтганда, мотивация беришдан иборат.

Фестиваль доирасида кун мобайнида бир қатор таълим муассасалари ва маҳаллаларда уюшмаган ёшлар ўртасида стол тенниси, волейбол, шаҳмат-шашка, мини-футбол бўйича “Биз соғлом турмуш тарзи тарафдоримиз!” шиори остида туман биринчилиги мусобақалари ўтказилди.

Тарғибот гуруҳи аъзолари масъулияти чекланган жамияти шаклидаги “Кравтекс Ташкент” қўшма корхонаси фаолияти, бу ерда ишловчи хотин-қизларга яратилган шарт-шароитлар, коллежни тамомлаётган битирувчи қизларнинг бандлигини таъминлаш бўйича олиб борилаётган лойиҳалар билан танишдилар.