Иқтисодиёт

Санкт-Петербург шаҳри губернатори бошчилигидаги делегация Андижонда


10.11.2017   1252

Россия Федерациясининг Санкт-Петербург шаҳри губернатори Георгий Полтавченко мамлакатимизда амалий ташриф билан бўлиб турибди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев 8 ноябрь куни қабул маросими ўтказди.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудлари ва Россия Федерацияси субъектларининг амалий ҳамкорлиги – савдо иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларда фаоллашаётганлигига эътибор қаратилди. Шу йил апрель ойида икки мамлакат ўртасида ҳамкорлик тўғрисида ҳукуматлараро битим имзоланган эди.

Санкт-Петербург шаҳри билан анъанавий яқинлик ва ўзаро манфаатлилик муносабатлари мустаҳкамланмоқда. Бу кўҳна шаҳарда ҳозир 1 миллионга яқин юртдошларимиз меҳнат фаолиятларини амалга оширмоқдалар ҳамда 3 мингдан зиёд ёшларимиз таълим олишяпти. Улар орасида андижонликлар ҳам бор.

Бугун Санкт-Петербург шаҳри губернатори Георгий Полтавченко Андижонга ташриф буюрди.

Меҳмонлар Андижон халқаро аэропортида тантанали равишда кутиб олиндилар. Улар вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов ҳамкорлигида Эски шаҳар деҳқон бозорида бўлиб, вилоятимизда етиштирилаётган қишлоқ хўжалик маҳсулотларини кўздан кечирдилар. Мева-сабзавотларнинг сифати, мазаси эътироф этилди.

Вилоятимизда Ўзбекистон-Россия ҳамкорлигидаги 34 та корхона фаолият кўрсатмоқда.

Делегация аъзолари собиқ ип-газлама комбинати ҳудудидаги «Lemon International» хорижий корхонасида ташкил этилган кўргазма билан яқиндан танишдилар. Унда вилоятимиздаги корхоналар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар намойиш этилди. Амалий аҳамият касб этган мулоқотда ҳамкорлик масалалари илгари сурилди.

– Бу борада имкониятларимиз жуда кенг, – дейди Санкт-Петербург ташқи алоқалар қўмитаси раиси Евгений Григорьев. – Саноат, фармацевтика, мева-сабзавот маҳсулотлари, ичимлик сувини тозалаш шулар жумласидандир. Санкт-Петербургда савдо уйи очиш режалаштирилган.

Шуниси эътиборга лойиқки, Санкт-Петербург губернатори Георгий Полтавченконинг бобоси Пётр Полтавченко ва бувиси Васса Чижова Андижонда яшаб умргузаронлик қилган эканлар. Улар абадий қўним топган манзил зиёрат қилинди.

Гулжаҳон ЖАББОРОВА,

Рустамжон Эшонов

Auz.uz online гурҳи аъзолари.