Жамият

Самурайнинг сабоғи


18.09.2017   1186

Япония пойтахтидан сал наридаги шаҳарчада кексайиб қолган донишманд самурай яшар эди. Шогирдлари билан машғулот олиб бораётган кунларининг бирида унинг ёнига қўполлиги ва беаёвлиги билан ном қозонган ёш жангчи кириб келди.

Унинг севимли усули ғашга тегиш эди. ғазабдан ўзини йўқотиб қўйган рақиби унинг чақириғини қабул қилар, бунинг натижасида кетма-кет хатоларга йўл қўйиб, пировардида мағлубиятга учрарди.

Ёш жангчи қариянинг нафсониятига тега бошлади: унга қарата тошлар отди, туфурди ва куракда турмайдиган сўзлар билан сўкинди. Бироқ нуроний самурай пинагини бузмай машғулотни давом эттираверди. Кун охирлаганда толиққан ва асаби қўзиган ёш жангчи ортига қайтиб кетди. Устозларининг ҳақоратни жим қабул қилганидан таажжубланган шогирдлари ундан сўрашди:

- Нега сиз уни жангга чақирмадингиз? Наҳотки мағлуб бўлишдан қўрққан бўлсангиз?

Кекса самурай деди:

- Агар олдингизга кимдир совға билан келса ва уни сиз олмасангиз, совға кимга тегишли бўлади?

- Албатта аввалги эгасигада! – жавоб қилди шогирдлардан бири.

- Бу ҳасадгўйлик, кўра олмаслик ва ҳақоратга ҳам тааллуқли. Агар қабул қилмасанг, улар ким олиб келган бўлса, ўшаники бўлиб қолаверади.

Ҳ. Тоҳиров тайёрлади.