Бугуннинг гапи

Самовийликлар: Энг интизомли истеъмолчи бўлишга қарор қилдилар


20.01.2018   514

Пахтаобод тумани Дўнгқишлоқ маҳалла Самовий кўчасида яшовчиларни электр энергияси таъминотидаги муаммолар қийнаётганди. Сабаби электрлаштириш ишлари талаб даражасида ташкил этилмаган, хонадонларнинг кўпайиши ҳисобига етказиб берилаётган электр қуввати озлик қиляпти.

Фуқароларнинг бу борадаги мурожаати вилоят электр тармоқлари корхонаси мутахассислари томонидан ўрганиб чиқилди. Натижада “2017-2021 йилларда паст кучланишли тармоқларни реконструкция ва модернизация қилиш Давлат дастури” асосида самовийликларнинг бу муаммосини ечишга қаратилган лойиҳа ишлаб чиқилди.

Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йилининг дастлабки кунларида иш бошланди. Биринчи навбатда эски симёғочларни темир бетон таянчларга алмаштиришга киришилди. 2300 метр масофада 180 миллион сўмлик тармоқ тортиш ишлари амалга оширилмоқда.

-“Ўзбекэнерго” АЖ томонидан 200 та хонадонга хизмат кўрсатувчи 250 кВа қувватли янги транспорматор пункти ўрнатилган куни маҳаллада байрам бўлиб кетди,-дейди туман электр таъминоти корхонаси бош муҳандиси Исмоилжон Усмонов,- Хозирда бутун куч хизмат сифатини яхшилаш ишларини амалга оширишга қаратилмоқда.

Маҳалла аҳли кўрсатилаётган бундай эътиборга жавобан энг интизомли истеъмолчи бўлиш ташаббуси билан чиқди. Маҳалла фаоллари хонадонма хонадон юриб электр энергиясидан ноқонуний фойдаланишни олдини олиш ва қарздорликка йўл қўймаслик юзасидан тушунтириш ишларини олиб боряпти.

Пахтаобод туманида йил охирига қадар яна 6 та трансформатор пунктлари ўрнатилади. Бу билан аҳолига коммунал хизмат кўрсатиш сифати янада яхшиланади.

Акбаржон Назаров.

Рустамжон Эшонов олган суратлар.