ЖАМИЯТ

САМАРАЛИ ФАОЛИЯТДА СИФАТЛИ ДЕЗИНФЕКЦИЯЛАШ МУҲИМ МАСАЛАДИР


13.04.2020   3986

Республикамиздаги эпидемиологик вазиятда газ таъминоти идораларининг биринчи галдаги вазифаси аҳолини ўз вақтида табиий ва суюлтирилган газ билан таъминлаш бўлиб турибди. “Ҳудудгаз Андижон” МЧЖ ҳам ўз истеъмолчиларини табиий ва суюлтирилган газ билан доимгидек мунтазам таъминлаб келмоқда.

“Қўрғонтепа” газ тўлдириш шаҳобчасида ҳам аҳолига суюлтирилган газни ўз вақтида етказиб бериш мақсадида барча шароитлар яратилган. Вилоятнинг Хонобод ва Қорасув шаҳарлари, Қўрғонтепа, Жалақудуқ, Булоқбоши ва Хўжаобод туманлари истеъмолчиларига суюлтирилган газ етказиб берувчи шаҳобчанинг ойлик газ тўлдириш қуввати 1000 тонна ва газ сақлаш қуввати 50 тоннани ташкил этади. Бир вақтнинг ўзида 3 та махсус газ ташиш автотранспортларига хизмат қилиш имкониятига эга. Истеъмолчиларга 15 дона ISUZU ҳамда 1 дона Камаз 4х4 (Вездеход) русумли махсус автотранспортларда суюлтирилган газ етказиб берилмоқда.

Бугунги кунда “Қўрғонтепа” газ тўлдириш шаҳобчасига ташриф буюрганларнинг ҳар бири техник ходимлар томонидан кириш ва чиқишда дезинфекция қилинмоқда. Чилангар ва ҳайдовчилар эса шаҳобча кириш қисмида қўллари дезинфекция қилиниб, ҳароратлари ўлчанмоқда. Шаҳобчанинг ҳар бир ходими ҳам шифокорлар тавсияларига тўла амал қилган ҳолда, ҳар икки соатда тиббий ниқобларини алмаштириб ишлашяпти. Сут ва сут маҳсулотлари ҳам етарли тарзда келтирилиб берилмоқда.

Қўрғонтепа газ тўлдириш шаҳобчасига суюлтирилган маиший газ баллонларини тўла дезинфекция қилувчи махсус қурилма ўрнатилди. Ҳозирда республика бўйича ягона ҳисобланган ушбу қурилма туфайли аҳоли хонадонларидан келаётган барча маиший газ баллонларини махсус воситалар ёрдамида дезинфекция қилиш ва кейингина газ тўлдирилган ҳолда хонадонларга юбориш имкони туғилди. Авваллари, маиший газ баллонлари қўлда эҳтимолий вируслардан тозаланган бўлса, эндиликда ушбу ускуна ёрдамида ҳар бир автотранспортдаги барча газ баллонлари бирваракайига дезинфекция қилинади. Бу ҳам вақтни тежамоқда, ҳам барча маиший газ баллонларини тўлиқ дезинфекцияламоқда. Ушбу қурилма орқали аҳолига хавфсиз бўлган маиший газ баллонларни етказиб беришда қўл келмоқда.

“Ҳудудгаз Андижон” МЧЖ тасарруфидаги “Шаҳрихон” ва “Асака” газ тўлдириш шаҳобчалари ҳам яқин кунларда ана шундай қурилмалар билан иш бошлаши кутилмоқда.

“Ҳудудгаз Андижон” МЧЖ матбуот хизмати