Андижон 24

САЛОМАТЛИККА БАҒИШЛАНГАН КУН


07.04.2019   3162

Саломатлик куни муносабати билан вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказининг ташхисот поликлиникасида юздан ортиқ фуқаро чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтди. Марказда шифокорлар маслаҳатидан ташқари ЭХО, УЗИ, ЭЭГтекширувлари ҳам бўлди. Мурожаат қилганларнинг айримлари стационар ва амбулатор даволаниш учун йўлланма олдилар. 3 нафар бемор томография текширувига тавсия этилди.

Андижон шаҳрида яшовчи Маликахон Қўлдошева шундай деди:

- Бугун ўзим учун вақт ажратдим. Малакали мутахассислар кўригидан ўтдим. Юрагим баъзан безовта қилар, бошим оғрирди. Сабаби қон босимим ошиши туфайли экан. Даволаниш учун шифокор маслаҳатини олдим.

- Юракни меҳр билан даволаш зарур, -дейди кордиолог Дилшодбек Исмоилов. – Касалликни даволашдан кўра унинг олдини олган афзал. Бугунги Саломатлик кунининг моҳияти ҳам шундан иборат.

- Анчадан буён буйрагим оғриётганди. Фарёзбек Қодиров томонидан текширилгач қандай даволанишим зарурлигини билиб олдим, -дейди андижонлик Санжарбек Максимов.

Шифохонада ҳар қадамда саломатлик ҳақидаги шиору ҳикматларга кўзингиз тушади. Марказда аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, турли касалликларнинг олдини олиш, соғлом турмуш тарзини шакллантириш, жисмоний фаолликни ошириш, тўғри овқатланиш каби мавзулардаги суҳбатлар ўтказилди, кўргазмалар намойиш этилди.

Бу каби тадбирлар давом этмоқда.

«auz.uz» online гуруҳи.