ЖАМИЯТ

САХОВАТПЕШАЛИК, САХИЙЛИК ВА РАҲМДИЛЛИК ИНСОННИНГ ГЎЗАЛ ФАЗИЛАТЛАРИДАН САНАЛАДИ


13.04.2020   8274

Аллоҳ таоло инсонни гўзалхулқ-атвор ва фазилатлар билан яратди. Тақводор, диёнатли, сабрли ва, албатта, эҳсон қилгувчиларни яхши кўради. Зеро, Қуръони каримнинг “Бақара” сураси, 195-оятида шундай жумлалар мавжуд:

-...Эҳсон қилинг, албатта, Аллоҳ эҳсон қилгувчиларни хуш кўрадир.

Шу суранинг 184-оятида эса “...Ким яхшиликни ўз ихтиёри ила қилса, ўзи учун яхшидир,” дея юқоридаги фикрга кенгроқ шарҳ берилади.

Демак, Яратган бизга амр этганидек, бир-биримизга яхшилик қилишимиз керак. Шунинг баробарида муҳтожларга ёрдам қўлини чўзиб, қариялар, кам таъминланган оилалар ҳолидан хабар олиш бурчимиздир. Мадомики, саховатпешалик, сахийлик ва раҳмдиллик инсоннинг гўзал фазилатларидан саналади.

Коронавирус касаллиги кириб келишининг олдини олиш мақсадида эълон қилинган карантин даври барчамиз учун синов кунлари ҳамдир. Юртбошимиз, шу жумладан, вилоятимиз ҳокими аҳолига ўз мурожаатларида муҳтожларга ёрдам беришга интилиш, ҳар бир раҳбар саховатпешаликни ўз ходимларидан бошлаши кераклигиниалоҳида таъкидладилар. Бундан ўрнак олган саховатли юртдошларимиз ихтиёридаги ортиқча маблағ, ҳатто ўзларигақарашли буюмлар, мол-мулкни сотиб бўлса-да, мусибатли кунларда кимгадир кўмак беришга интилмоқда. Уларнинг ҳақларига дуолар қиламиз ва Аллоҳ таоло Қуръони мажиднинг “Ар-Раҳмон” сураси, 60-оятида ваъда қилганидек, “Яхшиликнинг мукофоти, албатта, яхшилик” эканини эслатиб ўтамиз.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинадики, Пайғамбаримиз “Аввал ўзингдан бошла, кейин оила аъзоларингдан,” деганлар. Демак, аввало яхшиликни, саховатпешаликни ўзимиздан, ён атрофимиздан, қавм-қариндошларимиздан, иш жойимиздан бошлашимиз керак. Ваҳоланки, биз билан бирга ишловчилар ҳам оила аъзоларимиз кабидир. Айниқса, муқаддас Рамазон ойи кириб келаётган ушбу паллаларда қилинган озми-кўпми, ҳар қандай эҳсон учун жуда улкан ажру савоблар ёзилади, иншооллоҳ.

Шундай экан, мана шундай кунларда биз ибодатлар қилиб, рўза тутиб, кечалари бедор бўлиб, бир-бирларимизга меҳр-оқибат, мурувват кўрсатиб, Аллоҳ таолодан бу балоларни кўтаришни сўраб, дуода бўлишимиз лозим.

Келинг, ўз саховатимиз, яхшилигимизни биродарларимиздан аямайлик!

Санъатбек ТУРСУНОВ,

Андижон шаҳридаги “Усмони Зиннурайн”

номли жомъе масжид имом-хатиби.