ЖАМИЯТ

Сафардаги суҳбат: РАССОМ БЎЛИШ ШАРТ ЭМАС, ЛЕКИН САНЪАТНИ ТУШУНИШ КЕРАК


01.04.2019   2178

Термиз шаҳрида бўлиб ўтадиган Халқаро бахшичилик санъати фестивали ўзига хос байрамона тарзда ўтказиш учун вилоятимиздан юзга яқин турли соҳа вакиллари ташриф буюрдилар. Улар орасида таниқли мўйқалам соҳиби Муроджон Умаров ҳам бор. Андижон санъат коллежида қарийб 35 йилдан буён ўқувчиларга сабоқ бериб келаётган устоз билан суҳбатимиз рассомчилик санъати ва ёшларнинг эстетик камолотидаги аҳамияти мавзусида бўлди.

- Геология илмига улкан ҳисса қўшган Хабиб Абдуллаев, рассом Шуҳрат Абдурашидовлар дунёга келган Ўш вилоятининг Аравон қишлоғида туғилганман, - дейди суҳбатдошимиз. - Улар ўз йўналишлари бўйича нафақат юртимизда балки, дунёда ҳам таниқлидир.

Ўрта мактабни тугатиб, ҳарбий хизматни ўтаб қайтгач, собиқ Низомий номидаги педагогика институтининг бадиий графика факультетида таҳсил олдим. Ўзбекистон халқ рассомлари, академиклар Малик Набиев, Абдулҳақ Абдуллаев, профессор Салпинкодо Янс, Ўзбекистон халқ ҳайкалтароши Абдумўмин Бойматов сингари забардаст устозлардан кўп нарсаларни ўргандим.

Андижон педагогика билим юртида 4 йил дарс бериб, кейинчаликҳозирги мусиқа ва санъат коллежида фаолиятимни бошладим. Асосан графика, ранг-тасвир, кичик хажмдаги ҳайкаллар билан шуғулланаман.Беш йилда бир марта Ўзбекистон Бадиий Акажемиясининг кўргазма залида асарларимни намойиш этиб бораман. 1999 йилдан академия аъзосиман.

-Рассом бўлиш истаги қачон пайдо бўлган?

-Болалигимдан катталар рассом бўлишимни башорат қилишган.Далаларда ғўза чопиб, пахта териб юрганимда қўлимда қалам, дафтар бўларди. Табиат манзаралари, одамларни қоғозга тушириб борардим. Лой, ёғочдан ҳайкалчалар ясардим.

Мустақиллик йилларида бизга ўхшаган ижодкорлар учун катта имкониятлар эшиги очилди. Бадиий Академия ташкил қилинди. Авваллари кўргазма залларига яқинлашишнинг имконияти йўқ эди. Ҳозир ўз ишларимизни халққа, мухлимларга етказиш, мутахассисларнинг фикрини эшитиш имкониятига эга бўляпмиз.

-Қайси ижодий ишларингизни катта асар, деб ҳисоблайсиз?

-Ижодкор учун ҳаммаси ҳам юқори ўринларга даъвогар. Биринчи катта ишим – “Муножот”. Қаҳрамоним оддий деҳқон. Қариганида ёлғиз қолади. Орқасида Қўқон араваси. Аёғида этик, қўлида кетмон. Муножот куйини тинглаб, ўтмиши, бугуни, келажагини ўйлаб, қалбидан аламли ўқинч ўтаётганини тасвирлаганман. Композиция устозлар томонидан юқори баҳоланган.

Халқ ичида юриб, уларнинг туриш турмуши, ҳаёт тарзи, одатлари, кайфиятини акс эттиришга, қалбини кўрсатишга ҳаракат қиламан. “Арафа”, “Рамазон”, “Ҳайит” номли асарларим кўпчилик қалбидан жой олган.

-Асарларингиз учун мавзуларни қайдан оласиз?

-Таътил вақтимни тоғу - тошлар, даралар, одамларнинг қадами етмаган, кам бориладиган жойларда ўтказаман. У ерлардан ўзгача манзара, одамларга завқ берадиган мўъжизаларни излайман. Юртимизнингкўпчиликка маълум бўлмаган қирраларини кашф этаман. Маҳоратимни ошираман. Жилғаларнинг жилғаларга қўшилиб, ариқларнинг ҳосил бўлиши, ноёб ўсимликларнинг гуллаши, турли жониворларнинг тирикчилик кўйидаги курашишини акс эттириш менга завқ ва илҳом бағишлайди.

-Ҳақиқий рассом бўлиш учун қайси фанларни билиш керак?

-Ҳаммасини. Чунки, математикани билмаган ҳисоб - китобни чиқара олмайди. Кимё, тарих, геометрия, география, ўзбек тили, адабиётни ўқимаган одам рассом бўла олмайди. Биноларнинг тархи, ҳаво преспективасида чизмачилик, рангларнинг ҳар хил чуқурликларини ишлашда рангшунослик керак. Фанларни ўзлаштириш, китоб ўқиш, одамларни тушуниш қобилияти ва энг асосийси меҳнатдан чўчимаслик керак. Ҳозирги ёшларимизда истеъдод, билим бор, меҳнат қилишга келганда ялқов. Вақтини интернет, телефон билан ўтказиб юборишяпти. Фикримча фарзандларга билим билан бирга оғир меҳнат қилишни ҳам ўргатиш керак. Ёшлигимда оғир меҳнатда тобланганим, далаларда ишлаганим фаолиятим давомида жуда кўп фойда берди. Ҳозир 70 ёшни қарши олаётган бўлсам ҳам меҳнатдан қайтмайман. Таниқли адиб Ўткир Хошимов мақсадга эришиш учун қишлоқнинг меҳнати, шаҳарнинг илми керак, деб айтган. Билими бўлмаган одам доим хатоларга йўл қўяди. Шунинг учун улар уйғунлигидаги ҳаракат инсонларга катта бахт, омад олиб келади.

Коллежда дарсни бошлашдан олдин тарбия ҳақида суҳбат ўтказаман. Унда ибратли хикоя сўзлаб, ўтиладиган мавзуга боғлайман. Бўш вақтларда ёшлар билан қир-адирлар, ўрмон ва боғларга чиқамиз. Бу, табиатни севишга, завқ олишга, рангларни ажратишга, табиий муҳитда ишлашга, атрофдаги одамлар билан мулоқот қилишга ўргатади. Иштиёқи баланд, ижодий қобилиятли йигит - қизлар бўлиб камолотга етишишига хизмат қилади.

-Ёшларга катта эътибор қаратилаётган бугунги кунда ўзингизга қандай вазифларни белгилиб олдингиз?

-Президентимиз бешта ташаббус билан чиқдилар. Улардан бири -санъат йўналишларини ёшлар қалбига сингдириш масаласи. Биз ушбу ташаббусга лаббай, деб жавоб берамиз ва ёшларнинг пухта билим олишлари, кўзлаган мақсадларига эришишлари учун ўз салоҳиятимизни ишга соламиз керак. Ўқитувчилар ҳам ўзларининг билим савиясини замон талабига келтириши керак. Китоб ўқиш, илм олиш, суҳбатлар, учрашувлар орқалидунёқарашини кенгайтириб бориши лозим. Санъатни ёшларга тушинтириб бориш келажагимиз учун қайғуриш, демакдир. Ҳар бир инсон санъатни севса, рассом бўлмаса ҳам асарлар ва уларнинг муаллифлари ҳақида тушунчаларга эга бўлса, тез орада фарзандларимиз орасидан дунё аҳамиятига эга бўлган рассомлар, олимлар чиқиши тайин.

Ҳар бир инсон гўзалликни тушуна билиши керак. Қалбида гўзаллик бўлган инсондан ёмонлик чиқмайди. Машҳур ҳамюртларимиз тарихига назар ташласангиз уларнинг оиласида ижодий муҳит бўлганлигини биласиз. Ана шу муҳит уларни олим, шоир, ёзувчи ёки бошқа йўналишдаги таниқли инсон бўлиб камолга етишига хизмат қилган.

Ота - она фарзандларни рағбатлантириб, янада қизиқишларини ошириб борса, ҳеч бўлмаганида бўш вақтини фойдали ишга жалб этиб, турли хил салбий одатлардан асрайди. Келгусида машҳур рассом бўлиб етишмасаларда санъатга бўлган муҳаббати ошади. Келажакда бошқа соҳада ишласа ҳам санъат ҳақида тасаввури бўлади. Оқ қорани, демаккки, ҳаётдаги яхши - ёмонни ажратиш қобилятига эга бўлади.

Баъзи хонадонларда уйини сунъий картиналар билан безаб қўяди. Уларда мазмун, меҳнат йўқ. Шунчаки, замонавий технология маҳсули. Аксарият хонадонларда шу ҳам йўқ. Хорижда рассомлар чизган санъат асарлари юксак қадрланади. Ҳар бирининг уйида шундай асар намуналарини кўриш мумкин. Бу энг аввало ўзи учун, фарзандлари учун катта маъанвий озуқа эканлигини яхши тушунишади.

Тўғри, маълум ўтиш даврда кўп нарсаларни йўқотдик. Чунки ҳар ким тирикчилик кўйига тушиб қолди. Бироқ бугун ана шу хатоликларни, камчиликларни тўлдириш фурсати келди. Энди фарзандлар келажаги учун ҳаракат қилиш лозим. Уларга онгига санъатни сингдириш орқали маънавий бўшлиқни тўлдириш мумкин.

Европада хомиладор аёлларни санъат асарлари кўргазмасига, музейларга олиб бориш одати бор.Бу, санъатга муҳаббат қон билан ўтишига хизмат қилади. Агар ота-она санъатга меҳр қўйса, фарзандининг ҳулқи, қалби гўзал бўлади. Уни хис этади. Гаплари маънили, мантиқсиз гап-сўз, ишлардан йироқ бўлади. Теран, ижодий фикрлайди.

Президентимиз айтганлари амалга ошса, фарзандларимиз ҳар томонлама кучли бўлади. Ҳаётимиз, теварак атрофимиз янада гўзалликка бурканади. Яхши асарлардан завқланиш, фахрланиш ҳиссини туя оламиз. Ўзимизда борини бошқаларга ўргатишни биламиз. Шунинг учун рассом бўлиш шарт эмас, лекин санъатни севиш, тушуниш шарт деб ўйлайман.

Рассом битта асарни яратиш учун неча кунни тунга улайди. Унга жону танини бағишлайди. Бундай асардан олинадиган завқ-шавқ бошқача эканлигини ёшларимиз онгига сингдириб бориш учун ўзимиз ҳам эстетик тарбияга эга бўлишимиз керак. Турмушнинг майда-чуйдалари, турли хил маиший мавзудаги сериалларга аралашиб қолмасдан ўз устимизда ишлашимиз лозим. Эртага боламиз балога айланиб, ўзимизга даф қилганида мен нима хатога йўл қўйдимки, фарзандим мен ўйлагандек инсон бўлиб етишмади, демасдан, мен тўғри иш қилган эканманки, дилбандим ўлаганимдек инсон бўлди, дейиш учун ҳам бугундан санъатни тушунтириб бориш, ўзлари ҳам илм ортидан эргашиб, уларга маънавий сабоқ бериш ҳақида ўйлашлари керак.

- Термизда вилоятимиз вакиллари билан бир неча кундан буён катта анжуманга тайёргарликда иштирок этмоқдасиз. Таассуротлар билан ўртоқлашсангиз.

- Юртимизнинг жуда кўп вилоятларида бўлганман. Сурхандарёга биринчи марта келишим. Термизнинг қиёфаси жуда ҳам гўзал. Ҳаммада байрамона кайфият. Миллий қадриятларимиз, урф-одат ва анъаналаримизнинг бардавомлиги намоён бўлган бу жойда. Вилоятлардан келган ҳунарманд, санъаткорлар ўз истеъдодларини намойиш этишмоқда. Мен ҳам шахсий кўргазмам билан қатнашяпман. Бу ерда мухлисларим борлигидан хурсанд бўлдим. Ҳамкасблар билан тажриба алмашиб, ёшларга маҳорат дарслари ташкил этяпмиз. Ижодий ишларни давом эттириб, диққатга сазовор жойларни, меҳмонларнинг суратини ишлаяпман. Анжуман мен ва бошқа иштирокчиларда катта таассурот қолдирмоқда.

-Мароқли суҳбатингиз учун рахмат. Ижодий ишларингизда улкан муваффақиятлар ёр бўлсин.

Муроджон ТЎХТАНАЗАРОВ суҳбатлашди.

Термиз шаҳри.