Ўзбекистон

Сафарбарлик чақируви резерви: пул бадали камайди


05.02.2018   101

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 2 февралдаги Фармонига мувофиқ, сафарбарлик чақируви резервида хизмат ўташда тўланадиган пул бадали миқдори камайди.

Бундан кўзланган мақсад мамлакатимиз аҳолисига ғамхўрлик кўрсатиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, сафарбарлик чақируви резервидаги хизматга олинадиган фуқаролар томонидан тўланадиган пул бадаллари ҳажмини камайтириш, сафарбарлик чақируви резерви хизматига ўтказилаётган фуқаролар учун енгиллик ва қулайликлар яратишдан иборат. Фармонга кўра, сафарбарлик чақируви резерви хизматига қабул қилинган фуқаролар томонидан махсус ҳисоб рақамига тўланадиган пул бадали жорий йилнинг 5 февралидан бошлаб энг кам ойлик иш ҳақининг 20 баробари, яъни 3 444 800 сўм этиб белгиланди.

Унга қадар сафарбарлик чақируви резерви хизматига қабул қилинган фуқаролар томонидан махсус ҳисоб рақамига тўланадиган пул бадали энг кам ойлик иш ҳақининг 27,5 баробари, яъни 4 736 600 сўмни ташкил этарди.

Жорий йилнинг февраль-март ойларида туман (шаҳар) чақирув комиссиялари томонидан сафарбарлик чақируви резерви хизматига ўтказиладиган чақирув ёшидаги фуқаролар яратиб берилган ушбу имкониятдан кенг фойдаланган ҳолда янгидан белгиланган пул бадали миқдори бўйича шартномалар имзолаб, пул бадалларини тўлашлари мумкин бўлди.

Сафарбарлик чақируви резерви хизматига олинган чақирилувчилар томонидан пул бадаллари, уларни сафарбарлик чақируви резерви хизматига олинганидан кейин бир йил мобайнида Давлат-тижорат Халқ банки муассасалари орқали тўланади. Томонларнинг келишувига кўра тўлов тўлиқ ҳажмда бир йўла ёхуд босқичма-босқич амалга оширилиши мумкин.