ЖАМИЯТ

САБОҚ: «АЛАМСИЗЛАР – ҚАЛАМСИЗДИР...»


22.10.2020   606

Фарғона вилоятининг Бувайда туманида туғилиб катта бўлган, бутун фаолиятини диний ва дунёвий билимларни пухта эгаллашга ва маърифат тарқатишга баҳшида этган, ўзидан фақат яхши ном ва яхши амаллар қолдириб кетган шоир Аъзам Ўктам ҳаёт бўлганида шу кунларда 60 ёшга тўлган бўлар эди. Минг афсуски, шоир бугун орамизда йўқ. Аммо бу йўқ деганимиз ўта нисбий гапдир. Яъни шоир жисман тириклар сафида бўлмаса ҳам, руҳан, маънан тириклардан тирикроқ, фаоллардан фаолроқдир: ўзини кўрмасак ҳам, сўзини ўқияпмиз, эшитяпмиз ва сабоқ олмоқдамиз.

Ўзига хос овозга эга бўлган Аъзам Ўктам ижодига назар ташлайдиган бўлсак, шоир шеърий асарлари адабий шахсияти ва қиёфасини, истеъодининг асосий қиррасини белгилашлиги аён бўлади. “Чунки бу шеърият эгасида ички бир мағрурлик, ғолибият сезилади; у бировларга ялтоқланишни, айниқса, ҳақсизлиқ қошида бўйин эгилишини ўзига эп кўрмайди. Аъзам Ўктам шеърлари ўзи каби анча ўжар ва одамнинг юзига, ҳақиқатнинг кўзларига тик қараб турадиган, инсон юрагига тез етиб борадиган самимий, жонли ижод намуналаридир...” (Баҳодир Карим).

Аъзам Ўктам китобни яқин дўст деб биладиган, имон-эътиқоди мустаҳкам ижодкор бўлганлиги адабиётшунос олимлар, муқаддас динимиз пешволари томонидан ҳам чуқур эътироф этилган. Жумладан, таниқли адабиётшунос олим, Ўзбекистон Қаҳрамони Озод Шарафиддиновнинг шоир ҳақидаги фикрларишундай: “У кўп китоб ўқирди, мутолаани яхши кўрарди... Тарихимизда биринчи марта Қуръони карим ўзбек тилига таржима қилинди. Аъзамжон бу улуғ ишнинг ташаббускорлари сафида бўлди,оиласи билан нусха кўчиришди, табаррук китобимиз унинг муҳаррирлиги остида чоп этилди... Энг муҳими, у биринчилардан бўлиб замонавий ўзбек шеъриятига диний-маърифийоҳангларни олиб кирди. Унинг “Тараддуд”, “Икки дунё саодати” китоблари Қуръони каримдан чуқур билимга эга бўлганлигининг исботидир...”

“Тараддуд” китобидаги шеърлар, – дея адабиётшунос фикрини давом эттиради Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари, – диний мавзудаги бошқа шеърлардан фарқли ўлароқ баъзи бир оятларнинг, ҳадисларнинг ёки исломий ҳикматларнинг таржимаси эмас, балки мусулмон инсоннинг ҳаёт жараёнида қоришиб кетган фикрлари, ўзининг айтадиган ўйлари, фикр-мулоҳазалари ва халқи учун, дини учун куюниши, иймон-эътиқоди учун ёниб яшаши акс эттирилгани билан ажралиб туради...”

Шоир қирқ ёшни қаршилаш арафасида босилиб чиққан “Қирқинчи баҳор” деб номланган назмий китобчани варақлар эканмиз, юқоридаги фикрларнинг тўлиқ исботини кўрамиз. Бу китобчадан биринчи бўлиб ўрин олган “Азон” деб номланган шеърнинг ўзидаёқ яққол кўзга ташланади:

...Ҳамдлар ўқиб, айтурман сано,

Ҳаққа банда, расулга уммат.

Балки, шайтон дўкони дунё,

Мардлик фарздир, тантилик – суннат.

Ҳар кифтингда фаришта турсин,

Қутул ҳасад асоратидан.

Сендан беҳишт бўйи уфурсин,

Закот бергил жасоратингдан.

Умринг берсин, ўсавер дуркун,

Инсу жиннинг тегмасин кўзи.

Кириб борсанг жаннатга бир кун

“Салом” десин Тангрининг Ўзи.

Ўн икки қатордангина иборат мана шу назмий парчанинг ўзида “Ҳақ”, “расул”, “банда”, “уммат”, “фарз”, “фаришта”, “беҳишт”, “закот”, “жаннат”, “Тангри” каби ўндан ортиқ диний сўз ва атамалар қўлланилмоқдаки, буларнинг ҳаммаси шоир қалбидан мустаҳкам ўрин олган ислом динига бўлган эътиқоддан далолат бериб турибди.

Юқоридафикридан иқтибос келтирганимиз – профессор Баҳодир Карим Аъзам Ўктам адабий шахсияти ва шеърияти ҳақида яна қуйидагиларни таъкидлайди: “Ҳақ гапни, дилидагини ўз ўрнида, асло кечиктирмай дарҳол айтишга, жуда бўлмаса, рамзий қочиримлар билан дард-аламини тўкиб, ичини бўшатишга, сўнгра мириқиб, беғубор кулишга, баъзан ҳатто киноя билан баландроқ чиқиб олишга имкон топа оладиган шоир эди Аъзам ака...”

“Табрик” деб номланган қуйидаги саккиз қаторли шеърда юқоридаги фикрнинг яққол тасдиғини кўрамиз:

Тилингизда ўша хуш наво,

Қўлингизда ўзим билган соз.

Танимайроқ турибман аммо,

Янгирганга ўхшайсиз бир оз.

Иқболингиз тағин ҳам кулсин,

Бошингиздан сўнмасин шуъла.

Аравалар муборак бўлсин,

Қуллуқ бўлсин янги ашула.

Кўриниб турибдики, шоир бу шеъри орқали ўзининг мустақил фикри бўлмаган, кимнинг аравасига тушса, ўшанинг ашуласини айтадиган, оғмачи, хушомадгўй кимсалар устидан рамзий қочиримлардан фойдаланган ҳолда боплаб кулмоқда.

Аъзам Ўктам ижодида етакчилик қиладиган мавзулардан яна бири инсониятнинг бу фоний дунёга келиб-кетишидан муроди, бу дунё асли бир кам яралганлиги, инсон умри курашлардан иборат эканлиги масаласидир. Эндигина 26 ёшга кирганида ёзилган “Англадим” номли шеърда шоирнинг айнан мана шу мавзудаги қарашлари тўлиқ ифодасини топган:

Бўлса бепарвою тинч,

Кўнса ёлғонларга жим –

Қалқон, ғилофсиз бир қилич –

Қаламни қўлга олмасдим.

Кўрдим, эшитдим-ку барин,

Жим туролмайман ахир.

Бир-бир айтай ҳасратларим,

Аламсизлар – қаламсиздир.

Гарчи дунё кенг ва ёруғ,

Иқрор ўлмоғим керак –

Ўзимдан ўзга душман йўқ,

Дўст йўқ ўзимдан бўлак.

Неча йил тишлаб тилимни,

Сўз демай юрдим-да жим.

Сўнг таниб қолдим элимни,

Бирдан ўзимни англадим.

Ҳа, шоир шеърларини ўқир экансиз, дунё қарама-қаршиликлар курашидан иборат эканлиги, виждонли одамлар ҳақсизликлар қошида жим қараб туролмаслиги, ҳақиқий ижод аламдан туғилишлиги: аламсизлар – қаламсиз эканлиги ҳақидаги ўйларга толасиз.

Хуллас, Аъзам Ўктамни яқиндан танийдиган, бирга ишлаган, ҳамфикр ва ҳамқадамбўлган Ўзбекистон халқ шоири Анвар Обиджоннинг қуйидаги фикрлари ҳаммамизнинг дилимиздаги гаплардир: “Шоир ижодининг ўрганилмаган, ўрганилишга жуда-жуда арзийдиган жиҳатлари кўп...”

Уларни ўрганиш, мутолаа қилиш орқали ҳаётда ҳамиша интилиб, курашиб, адолатсизликларга қарши муросасиз бўлиб яшаш кераклиги ҳақидаги теран ҳаётий хулосаларни чиқарамиз.

Сиддиқ МЎМИН,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси,

профессор.