Хорижда

РОССИЯДА ИСТАЛГАН ҚИЁФАГА КИРА ОЛАДИГАН ROBO-C РОБОТИ СОТУВИ БОШЛАНДИ


02.10.2019   263

Россия ва Шарқий Европадаги робот ишлаб чиқарувчи энг йирик Promobot компанияси инсонларга ўхшайдиган Robo-C қурилмалари сотувини бошлади, деб хабар қилади The Bell.

Робот исталган кишининг қиёфасига кириши мумкин. Буюртмачилар ишланмани инсонларга яқин кишисининг ўрнини боса олиш имкони беришига ишонмоқда.

Робот илк марта апрель ойида Skolkovo Robotics форумида намойиш этилган. Ўшанда компания янги модель учун олдиндан буюртма қабул қила бошлаган эди. 27 сентябрдан эса ушбу роботлар кенг савдога чиқарилди.

Компания сайтида «робот бутунлай антропоморфик машина» деб айтилади: у кўзи, қоши, лаби ва юзининг «мушакларини» ҳаракатга келтириши мумкин (робот инсон микромимикасининг 600 вариантларини такрорлай олади), шунингдек, суҳбатни давом эттиради ва саволларга жавоб беради.

Робот сунъий тери яратиш технологияси туфайли ҳақиқий инсондек кўринади. Компания роботдан маслаҳатчи (масалан, қабулхонада ёки дўконда), маъмур (у бизнес музокараларини ёзиши мумкин), уй ёрдамчиси (Android суҳбатдоши бўлиши ва «ақлли уй» тизими билан ишлаши мумкин) сифатида фойдаланишни тавсия қилади.