Спорт

“РЕАЛ” ВА “ЛИВЕРПУЛЬ”НИНГ СОБИҚ ЮЛДУЗИ ФЕВРАЛДА ТОШКЕНТГА КЕЛАДИ


31.01.2021   1194

Фото:olympic.uz

МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов Испаниянинг “Расинг Мурсия” клуби президенти Моррис Паньелло билан учрашувда мазкур масалани муҳокама қилди.

Бугун Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасида Испаниянинг “Расинг Мурсия” клуби президенти, “Genova International school of football” академияси раҳбари Моррис Паньелло билан учрашув ўтказилди.

Унда футболчилик фаолияти давомида Испаниянинг “Реал Мадрид”, Англиянинг “Ливерпуль”, Франциянинг “Монако” клублари шарафини ҳимоя қилган Фернандо Морьентеснинг 13-16 февраль кунлари Тошкентга ташриф буюриши муҳокама қилинди.

Таниқли футболчининг ташрифи “Оқтепа” футбол клуби ва “UzReportTV” телеканаллари билан ҳамкорликда ташкил қилинмоқда.

Учрашувда шунингдек, Париж-2024 Олимпия ўйинларига тайёрланаётган “Олимпик” жамоасини шакллантиришда ҳамкорликда фаолият олиб бориш ҳам муҳокама қилинди.

Самимий руҳда ўтказилган учрашувда Моррис Паньелло “Олимпик” жамоасини Испанияда ўтадиган йиғинга таклиф қилиб, унда “Леганес”, “Райо Вальекано”, “Хетафе” каби клубларнинг ёшлар жамоаси билан ўртоқлик учрашувларини ташкил қилишда ёрдам беришга тайёрлигини, унда ўзини кўрсатган ўзбекистонлик футболчилар эса испан жамоаларида таркибида маълум муддат малака ошириб келиши мумкинлигини таъкидлади.

Манба: yuz.uz