Андижон 24

РАСМИЙ МУНОСАБАТ


01.09.2022   3880

Аҳолининг ижтимоий тармоқларда тарқалган мурожаатларида Андижон автомобиль қисмлари бозори ичига янги дўконлар ҳеч қандай ҳужжатларсиз, тендерсиз қурилаётгани, автотураргоҳ кичиклиги ва бозорга келган машиналар бу жойга сиғмай, магистраль йўл четига чиқиб кетиши ҳисобга олинмаётгани ҳақида ёзилган. “Боғишамол” автомобиль эҳтиёт қисмлари бозори маъмурияти ушбу мурожаатни ўрганиб, қуйидагиларни маълум қилади.

Аввало, мазкур бозор Андижон автомобиль қисмлари бозори эмас, балки “Боғишамол” автомобиль эҳтиёт қисмлари номи билан аталишини билдирамиз. Қурилиш ишлари бошланишидан олдин “Боғишамол” автомобиль ва эҳтиёт қисмлар бозори МЧЖ собиқ раиси А. Мирзаев 07.01.2020 йили собиқ шаҳар ҳокими (ўша йиллардаги) Б. Ҳайдаров номига алоқа хати ёзган. Унда Андижон шаҳар Айланма халқа кўчасида жойлашган бозор ҳудудидаги эски автомобил бозори Хўжаобод туманига кўчирилгани сабабли МЧЖнинг моддий имкониятини яхшилаш, тадбиркорлар учун қулайлик яратиш ва янги иш ўринларини ташкил этиш ва бўш ерлардан унумли фойдаланиш мақсадга мувафиқ экани билдирилганди.

Ўша йилнинг 21 январида Андижон шаҳар ҳокимининг ўринбосари Қ. Шариповдан жамият раиси А. Мирзаевга 03/338 – сонли жавоб ҳати чиқарилган. Мазкур хатда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 9 майдаги 70-сонли, 2018 йил 18 майдаги 370-сонли қарорларида объект жойлашган ҳудудда қўшимча янги, замонавий лойиҳалар асосида турғун савдо–маиший хизмат кўрсатиш шаҳобча биноларини қуришга рухсат бериш масаласи давлат хизматлари маркази орқали ваколатли орган томонидан кўриб чиқилиши белгилангани маълум қилинган. Шунингдек, қурилиш ишларини бошлашдан олдин албатта экспертиза ҳулосасини олиш зарурлигини билдириб ўтилган.

Шулардан келиб чиқиб, “Ekspert injiniring” МЧЖ томонидан №000005 - сонли экспертиза хулосаси, “Ўздавархитектурақўмита” Андижон шаҳар архитектура ва қурилиш бошқармасининг объект ҳудудида қўшимча бинолар қуриш учун берилган АРХ№357 – сонли рухсатномаси, “Боғишамол” автомобиль ва эҳтиёт қисмлар бозори МЧЖ таъсисчиси ва улушдорларининг навбатдан ташқари йиғилиши ўтказилиб, унда жамиятнинг 8 нафар акционери томонидан берилган розилик асосидаги баённома ҳужжатлари Андижон вилояти прокуратурасига тақдим этилган.

Бошқарманинг №10.2/16-21-сонли жавоб хатига кўра, мутахассислар томонидан ўтказилган ўрганишда мазкур жамият ҳудудида қўшимча савдо дўконлари қурилиши учун тегишли ҳужжатларнинг расмийлаштирилгани ва улар қонун доирасидан четга чиқмаганлиги тасдиқланган.

Юқоридаги барча тасдиқланган ҳужжатларга кўра, шу йилнинг 15 августидан бошлаб қурилиш ишлари давом этиб келмоқда. Мазкур қурилиш ишлари якунлангандан сўнг автомобиль эҳтиёт қисмлари савдосига мўлжалланган 32 та дўконлар иш бошлайди. Тадбиркорлар учун ушбу дўконлар ижара шартномаларини расмийлаштирган ҳолда фойдаланишга топширилади. Бунинг натижасида камида 50 нафар ишчи ўрни яратилиши режалаштирилган. Ушбу қурилиш ишлари бозорнинг ички ҳудудида ташкил этилиши, қолаверса унда сотувчилар учун барча шароитларни яратиш каби масалалар ҳисобга олинаётганини алоҳида таъкидлаш ўринли. Аҳир давлатимиз раҳбари тадбиркорлар учун қатор имкониятларни яратмоқдаку! Уларни қўллаб-қувватлаш, иш жараёни учун қулай шароит яратиб беришнинг қандай салбий тарафи бор? Қолаверса, қурилаётган бу дўконларда тадбиркорлар ва сотувчиларнинг фаолияти кенгайтириш мақсад қилинганку. Шу сабабли мурожаатчиларга айтиб қоламизки биз ҳар бир тадбиркор учун қулайлик яратишни кўзлаганмиз.

“Боғишамол” автомобиль эҳтиёт қисмлари бозори маъмурияти.