Андижон 24

Рамазон тухфаси: РАМАЗОНИ ШАРИФДА РЎЗА ТУТМАСЛИККА ВАҚТИНЧА ИЗН БЕРИЛГАН ЯНА БИР ТОИФА – БУ ОЙДА САФАРГА ЧИҚҚАНЛАРДИР


11.04.2021   2338

Абдуллоҳ ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) (сафарда) рўза ҳам тутганлар, оғзилари очиқ ҳам бўлган. Бас, сафарда ким хоҳласа рўза тутсин, ким хоҳласа оғзи очиқ юрсин” (Имом Бухорий, Имом Муслим ва Имом Насоий ривояти).

Аввал бошда Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг умматларига фарз қилинган рўза ҳозиргисидан фарқли бўлган. Ифтор вақти қуёш ботганидан хуфтонгача эди. Рўзадор хуфтон намозигача ифторлик қилиб олмаса, эртасига ифтор вақти киргунича яна рўзадор ҳолида қолиб кетар эди.

Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мўминларни саҳарлик қилиб рўза тутишга чорлаганлар. Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Саҳарлик қилинглар. Албатта саҳарликда барака бордир” дедилар” (Имом Муслим, Имом Термизий, Имом Абу Довуд ривояти).

Шунингдек, ифтор қилиш, уни тезлатиш лозимлиги суннати набавийда кўп бор такрорланган. Саҳл ибн Саъд (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Модомики ифторни тез қилар эканлар, кишилар хайрда бўлурлар, деди” (Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Муслим, Имом Аҳмад ва Имом Насоий ривояти).

Ҳадисиқудсий: “Аллоҳ азза ва жалла:“Мен учун бандаларимнинг энг маҳбуби ифторни тезроқ қиладиганидир”, деди” (Имом Термизий ва Имом Аҳмад ривояти).

Албатта, Рамазон хайру эҳсон ойи. Эзгуликка ташна халқимиз бу ойда янада саховатли бўлишади. Мамлакатимиздаги жоме масжидлар имом-хатиблари ҳомийлар кўмагида Рамазонда бир қанча савобли ишларни амалга оширадилар. Ўзбекис­тон мусулмонлари идораси, ҳудудий Вакиллик ходимлари кам таъминланган оилаларга, кекса, ногирон, боқувчисини йўқотган, ёлғиз қарияларга ҳомийлар кўмагида ҳар йилгидек Рамазон ҳайити арафасида беминнат ёрдамларини кўрсатади.

Муборак Рамазон ойи барча юртдошларимизга хайрли, баракотли келсин. Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин!

НуриддинХОЛИҚНАЗАРОВ,

Тошкент шаҳар бош имом-хатиби.