ЖАМИЯТ

Рамазон мутолааси: УНУТИЛГАН ПУЛ


04.06.2018   1459

Мадамин ака “Жаҳон бозори”даги гилам растасидан уйига мамнун қайтди. Қизининг тўйига кўнглидагидай гилам харид қилгани аёлига ҳам маъқул тушди. Аммо қувончи узоққа чўзилмади. Кеч оқшом чой ичиб ўтиришганда, хотини “пулнинг қолганини нима қилдингиз?” деб сўради-ю, оромини йўқотди. Икки-уч бошқўй сотиб олишга етгудай пулини гилам дўконда ё киракаш машинада қолдирдими, йўлда тушириб қўйдими – ҳеч эслолмади. Саросималаниб, алламаҳаллагача ухлолмади, минг машаққат билан топган пулини зумда йўқотганидан ўзини ўзи койиб ётди. Келаси бозор куни етиб келгунига қадар кунмас, соат санади.

Тонг саҳарлаб бозорга йўл оларкан, минг ўйнинг исканжасида эди. “Гиламфуруш кўринишидан яхши одамга ўхшарди, тағин ким билсин “одамнинг оласи ичида” дейишади. «Текин пул тешиб чиқмас» дея киссасига индамай урворган бўлса-я! Ҳозир одамларнинг нафси жа-а бузук, айниқса савдо аҳлини. “Улгуржи нархда сотяпман”, дея гиламни бир сўм ҳам тушиб бермади-ю, унутган пулимни тан олармикин? Агар тан олмаса, мелисага арз қиламан. Гувоҳингиз борми деса нима дейман? “Кап-катта, эрта-индин қиз узатадиган одам сенга ёлғон гапирадими, ноинсоф?” деб ёқасидан ғиппа бўғаман, вассалом. Унда ҳам бермаса, худога солдим дейман, тешиб чиқсин дейман”. У бозорга етгунча гиламфуруш билан ғойибона жанжаллашиб, уришиб кетди.

Уни кўрибоқ, гиламфуруш турган жойида қаққайиб қолди. Аввал юз-кўзлари қизарди, сўнг нималарнидир пичирлай бошлади. “Ҳа, мени таниди. Суриштириб келмайди, дея хаёллаган шекилли. Бирпасда ғалати бўп қолди. Ўйлаганимдай пулимни гум қилган.Ҳозир шармандасини чиқариб, адабини бераман”.Мадамин ака қовоқ уйганча растага яқинлашди.

Кутилмаганда гиламфуруш такаллуф билан салом бериб, узоқ айрилиқдан сўнг қадрдонини учратган кимса каби уни бағрига маҳкам босди. Йиғламсираган кўйи деди:

- Э, худо, ўзим зор кутган одам билан учраштириб, гуноҳкор бўлиб қолишдан асрагинг учун Ўзингга беадад шукр. Охиратда бировнинг ҳақига кандай жавоб қиламан экан, деб бир ҳафтадан бери ич-ичимни еб ташлаган эдим. Ўша куни кечаси Самарқандга товарга кетмоқчи эдим. Келиб қолармикин деган илинжда сизга кўз тутиб, сафаримни бошқа вақтга қолдирдим. Ҳайрият келдингиз. Мана, биродар, унутиб қолдирган омонатингизни олинг!

У оқ дуррага чугилиб, салафан халтага солинган бир ўрам пулни узатди.

Мадамин аканинг пулга чўзилган қўллари беихтиёр қалтираб кетди, кўзларидан бирин-кетин ёшлар думалай бошлади. Гиламфуруш меҳр билан бағрига тортди.

- Оллоҳ сиздан рози бўлсин. Мени кечиринг, сиз ҳақингизда ёмон ўй-фикрга борибман. Ё худо, солиҳ банданг ҳақида нопок шубҳа-гумонга борганим учун тавба қилдим. Гуноҳимни мағфират айлагин.

Кўзлардан оқаётган ёшлар гиламлардан бирининг устига икки-уч бор томчилади. Ажиб ҳолатни кузатиб турган харидорлардан бири шу гиламни олиш истагини билдирди.

Аёли бошқасини танлаган экан.

- Гуллари сал одмироқ экан. Ҳов ановиси яхши шекилли, дадаси.

-Йўқ, онаси, айнан шуни оламиз. Унга Аллоҳдан қўрққан мўмин одам билан гуноҳидан тавба қилиб, кечирим сўраган банданинг кўз ёшлари тўкилди. Бундай буюм шарофатли ва хосиятли бўлади.

Ҳалимжон Тоҳиров.

Дейдиларки...

Яхшиликни юзидан нур ёғилган кимсалардан изланг.