Андижон 24

РАМАЗОН – МУБОРАК ОЙ


22.03.2023   779

Ассалому алайкум азиз юртдошлар!

Юртимизга ойларнинг сарвари, ўн икки ойнинг султони, Аллоҳнинг муборак Қуръони карим китоби нозил бўлган ой, моҳи Рамазон шариф кириб келмоқда. Барчамизни ушбу муборак Рамазон ойга эсон-омонликда етказганлиги учун Аллоҳ таолога беадад ҳамду сано ва шукроналаримиз бўлсин.

Рамазон Қуръон ойидир. Бу ой тақво, барака, раҳмат, мағфират, Аллоҳга қурбат ҳосил қилиш, жаннатга эришиш ва дўзахдан озод бўлиш ойидир. Шунинг учун бутун дунё мусулмонлари бу муборак ойни солиҳ амаллар ва Аллоҳ розилигини топиш йўлидаги ибодатлар қилиб, хайру саховатлар ойига айлантиришади.

Ойларнинг султони бўлган Рамазон ойини ҳамма бирдек шукуҳият ила кутиб олади. Барча мўъмин-мусулмонлар Рамазон ойини хуш кайфиятда, кўтаринки руҳда, оила даврасида, кечаларини тоату ибодат, кундузларини эса рўзадор ҳолда, файзу-барокотлар ила ўтказишади.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бу ой ҳақида шундай деганлар:

"Рамазон ойининг биринчи кeчаси бўлса, Аллоҳ айтади: "Ким бизни яхши кўрса, Биз ҳам уни яхши кўрамиз. Ким Бизни талаб қилса, Биз ҳам уни талаб қиламиз. Ким Биздан мағфират сўраса, Биз унинг гуноҳларини Рамазон ҳурматидан кeчирамиз".

Аллоҳ таоло Рамазон ойи кeлганида амалларни ёзиб турувчи фаришталарга: "Уларнинг фақат яхшиликларини битинглар, гуноҳларини ёзманглар", дeб буюради. Сўнг инсонларнинг ўтмиш гуноҳларини ўчириб юборади".

Хабарда кeлишича, Рамазон ойининг ҳилоли кўринганда, Арш, Курси ва уларни кўтариб турувчи фаришталар: "Муҳаммаднинг (саллаллоҳу алайҳи васаллам) умматига жаннат бўлсин", дeб ҳайқирадилар.

Аллоҳ ҳузурида тайёрлаб қўйилган кароматларни кўриб, қуёш, ой, юлдузлар, ҳаводаги қушлар, сувдаги балиқлар, шайтонлардан бошқа барча жонзотлар Муҳаммад (саллаллоҳу алайҳи васаллам) умматлари учун Аллоҳдан мағфират сўрайдилар. Ўша кeчада бирор киши мағфиратсиз тонг оттирмайди. Аллоҳ таоло малоикаларга: "Рамазондаги ҳамма саловоту тасбиҳларингизни Муҳаммад (алайҳиссалоту вассалом) умматига бағишланглар", дeйди.

Бу ой гуноҳлардан покланиш ойидир.

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалам: “Кимки Рамазон(рўзаси)ни имон ва иҳтисоб (умид) билан тутса унинг олдинги гуноҳлари кечирилади”,деганлар. (Бухорий ва Муслим ривоятлари)

Рамазон ойи саховат ойи ҳамдир.

Сахийлик, меҳмондўстлик ҳар қачондан ҳам Рамазон ойида кўпроқ қилишликка уринилади. Зеро, бу ойда қилинган саховат бошқа ойда қилинган эхсону садоқотдан кўра жуда катта ажрларга эга бўлади.

Бу эса Пайғамбаримиз (с.а.в.)дан мерос ўлароқ бизларга қолгандир.

Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳу айтдилар:

"Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам хайр-эҳсон қилишда ҳаммадан ҳам сахийроқ эдилар. Хусусан, рамазон ойи келиб, Ҳазрат Жаброил алайҳис салом билан учрашадиган пайтларида жуда ҳам сахий бўлиб кетар эдилар. Ҳазрат Жаброил алайҳиссалом рамазон ойининг ҳамма кечаларида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келар, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Жаброил алайҳис саломга Қуръони каримни ўқиб берар эдилар.

Ҳазрат Жаброил алайҳиссалом билан учрашадиган вақтларида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳ таолонинг раҳматини олиб келувчи тез эсадиган шамолдан ҳам саховатлироқ бўлар эдилар".

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда:

“Айтинг: Аллоҳнинг фазли ва раҳмати билан, бас, (албатта), шулар сабабли (мўминлар) шодлансинлар! У тўплаган нарса (бойлик)ларидан яхшироқдир” деб марҳамат қилган (Юнус сураси, 58-оят).

Дарҳақиқат, Рамазон ойи ҳақида сўз юритар эканмиз, юртимизда бўлаётган хайрли ишларни ҳам эслаб ўтишлигимиз даркор. Ҳар йилги ушбу муборак ва фазилатли ойни юртимизда муносиб кутиб олишга қаратилган жуда катта хайрли ишлар қилинади.

Бу йилги Рамазон ойи муносабати билан Президентимиз ташаббуси ила юртимизнинг чекка ҳудудлардаги кам таъминланган оилалар, боқувчисини йўқотган, эътиборга муҳтож оилаларга алоҳида ғамхўрлик қилиниши белгиланди. Бунда юртимиздаги барча вилоят, шаҳар-туман бош имом-хатиблари бошчилигида ифторлик дастурхонлари ёзилади.

Бундан ташқари, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла Холиқназаров томонидан Президентимизга айтилган таклиф асосида мингдан ортиқ кам таъминланган юртдошмизнинг муборак Умра ибодатларига бепул юбориш тўғрисида ишлар жадал суръатларда олиб борилмоқда.

Албатта, юртимизда амалга оширилаётган хайрли ишларнинг санаб саноғига етаолмайсан. Аллоҳ таоло Рамазон ойида барчаларимизни саховатли, хайрли ишларда ўзи бардавом айласин. Қутлуғ кунларда қиладиган ибодатларимизни Аллоҳ таоло ўз даргоҳида қабул қилсин. Юртимиз тинч, осмонимиз доимо мусаффо бўлсин.

Кириб келаётган Рамазон ойи муборак бўлсин, азиз юртдошлар!

Мирзамақсуд домла АЛИМОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг

Андижон вилояти вакили, вилоят бош имом-хатиби.