Андижон 24

Раҳбарлар пораларни рад этмоқда, демак энди жамиятда коррупцияга чек қўйилади


02.03.2018   1220

2017 ЙИЛДА МАНСАБДОР ШАХСЛАРГА ПОРА БЕРИШ БИЛАН БОҒЛИҚ 1,7 МИНГДАН ОРТИҚ ЖИНОЯТ ИШИ БЎЙИЧА СУД ҲУКМИ ЎҚИЛГАН. НАТИЖАДА 2,5 МИНГ НАФАРГА ЯҚИН ШАХС ЖИНОИЙ ЖАВОБГАРЛИККА ТОРТИЛГАН.

Таниш-билишчилик, порахўрлик... Аслида иллат ҳисобланган бу қилмишларни ҳамма бирдек қоралайди. Аммо ўз фойдасига келганда айримлар ҳамон бундан кўз юмаётгани сир эмас.

Мансабдор шахсларни қўя турайлик, чунки бундай қилмишга йўл қўяётганлар кеча бўлмаса, бугун аниқланиб, қонун ҳукмига топширилмоқда. Бироқ, орамизда оддийгина маиший эҳтиёжларига ишлатган ресурслари учун пул тўлашдан бўйин товлаётган, пора бериш эвазига бўлса ҳам мавжуд ҳолатни фойдасига ҳал этишга уринаётган кимсалар бор.

Дейлик, кечқурун чироқ ўчиб қолди. Бундай қоронғу лаҳзаларда кичик раҳбардан катта раҳбаргача барчасини қоралаймиз. Лекин бунда ўзимиз, ёнимиздагиларнинг ҳам айби бўлиши мумкинлигини ҳеч ўйлаб кўрмаймиз. Ахир электр энергияси учун вақтида пул тўламаслик, уни ўғринча ишлатиш, лўнда қилиб айтганда, ноқонуний фойдаланиш тармоқнинг издан чиқишига олиб келадиган омиллардандир. Устига устак йиллар мобайнида энергоназоратчилар томонидан фойда эвазига ҳисоблагичларни орқага қайтаришдек номақбул усул одат тусига кирган эди.

Давлатимиз раҳбари айнан шу масалага эътибор қаратиб, табиий ресурслардан фойдаланиш ва тўлов интизомини мустаҳкамлашга эътибор қаратгани бежиз эмас.

қўйилаётган бундай масалалар ечимининг амалда ўз ифодасини кўриш, албатта, қувонарли.

Гап шундаки, Навоий вилояти Қизилтепа туманидаги аҳоли хонадонларида электр энергиясидан қандай фойланилаётгани ўрганилган. Тармоққа ноқонуний уланган, яъни ҳисоблагич ўрнатмасдан электр энергиясидан фойдаланаётган хонадон аниқланган ва уй эгасига нисбатан баённома расмийлаштирилган.

Бу воқеадан кейин уй эгаси айбини бўйнига олиб, тегишли жаримани тўлаб, ҳисоблагич ўрнатдими? Афсуски, йўқ. У кўчиликка таниш бўлган “услуб”дан фойдаланишга ҳаракат қилди. Яъни, ука илтимос, ундай қилманг, айтган пулингизни бераман, мени жазога тортманг ва ҳоказо... Назоратчи бунга кўнса, кимга зарар? Нафақат давлатга, ҳаммага зарар бу аслида. Шукрки, шу сафар пора рад этилди! Жиноят ишлари бўйича Навоий вилояти Қизилтепа тумани судида Мажбурий ижро бюроси Қизилтепа тумани бўлими катта инспектори А.Хўжақуловга пора беришга уринган шахсларга нисбатан жиноят иши кўриб чиқилди.

— Жиноят кодексининг 211-моддаси 1-қисми билан айбланган ака-ука Жалоловлар жиноий тил бириктириб, давлат органи мансабдор шахсига ўз хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда содир этиши лозим бўлган муайян ҳаракатни уларнинг манфаатларини кўзлаб бажартирмасликка ҳаракат қилган, – дейди Жиноят ишлари бўйича Навоий вилояти суди судьяси Дилмурод Отамуродов. – Ноқонуний ҳолат бўйича далолатнома расмийлаштирмаслик эвазига қонунга хилоф эканлигини била туриб 500 минг сўм миқдорда пул таклиф қилишган.

Судланувчиларга жазо тайинлашда барча ҳолатлар ҳисобга олинди. Уларнинг аввал судланмагани, қарамоғида вояга етмаган фарзандлари борлиги, қилмишларидан чин кўнгилдан пушаймонлиги инобатга олинди. Қонунчилигимиздаги инсонпарварлик, одиллик принципларига таяниб уларга бир йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди матбуот хизматидан маълум қилишларича, 2017 йилда мансабдор шахсларга пора бериш билан боғлиқ 1,7 мингдан ортиқ жиноят иши бўйича суд ҳукми ўқилган. Натижада 2,5 минг нафарга яқин шахс жиноий жавобгарликка тортилган.

Эслатиб ўтамиз, пора бериш жиноят ҳисобланиб, бу қилмишни содир этганлар Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексига мувофиқ жавобгарликка тортилади.

Жумладан, пора бериш, яъни давлат органи, давлат иштирокидаги ташкилот ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи мансабдор шахсига мазкур мансабдор шахснинг ўз хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда содир этиши лозим ёки мумкин бўлган муайян ҳаракатни пора берган шахснинг манфаатларини кўзлаб бажариши ёки бажармаслиги эвазига қонунга хилоф эканлигини била туриб бевосита ёки воситачи орқали моддий қимматликлар бериш ёки уни мулкий манфаатдор этиш - энг кам ойлик иш ҳақининг эллик бараваридан юз барав аригача миқдорда жарима ёки икки йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Пора бериш такроран, хавфли рецидивист ёки илгари пора олиш, пора олиш-беришда воситачилик қилиш билан боғлиқ жиноятларни содир этган шахс томонидан амалга оширилса ва кўп миқдорда содир этилган бўлса - беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Пора бериш жуда кўп миқдорда, уюшган гуруҳ манфаатларини кўзлаб содир этилган бўлса - ўн йилдан ўн беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Башарти, шахсга нисбатан пора сўраб товламачилик қилинган бўлса ва ушбу шахс жиноий ҳаракатлар содир этилганидан кейин бу ҳақда ўттиз сутка мобайнида ўз ихтиёри билан арз қилса, чин кўнгилдан пушаймон бўлиб, жиноятни очишда фаол ёрдам берган бўлса, у жавобгарликдан озод этилади.


Норгул Абдураимова,

ЎзА сайтидан олинди.