Бугуннинг гапи

Рақамли телерадиоэшиттириш тизими замонавий, сифатли ...


10.01.2018   372

Рақамли телевидение телевизион сигналларни ахборот узатишнинг замонавий усулларидан фойдаланган ҳолда тарқатади. Тасвирни узатиш ҳамда қабул қилиш жараёнида қайта ишланиши янада юқори сифатга эришиш имконини беради.

Илгарилари уйдаги телевизорлар экранларидаги тасвирлар жимирлашиб , турли ташқи таъсирлар кузатиларди. Янги шаклдаги телевидениеда эса ташқи таъсирлар сезиларли даражада камайиб, тасвирнинг равшанлигига эришилади. Буни товуш сифатида ҳам кўриш мумкин.

Бундан ташқари рақамли телевидениенинг жорий қилиниши бутун республика бўйлаб янада кўпроқ теледастурларни намойиш этиш имконини беради. Аналогли телевидениеда битта узаткич битта дастурни етказиб берарди. Табиийки, 12 та дастурни узатиш учун 12 та узаткич ўрнатиш керак бўларди. Радиочастота каналлари етишмаслиги сабабли бу имконсиз эди. Қолаверса, катта электр энергияси сарфини ва харажатларни талаб қиларди. Рақамли телевидениенинг DVB-Т2 стандартида битта узаткич орқали узатиладиган телеканаллар сонини 12 - 18 тагача етказиш имконияти мавжуд.

Мамлакатимизда рақамли телевидениени жорий этиш борасидаги ишлар 2007 йилдан бошланганди. Тошкент ва Бухоро вилоятларида ер усти рақамли телевидение тажриба зонасининг ташкил этилиши янги турдаги телекўрсатувларга босқичма-босқич ўтишни бошлаб берди.

Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг алоҳида бандида рақамли телевидение учун техник қурилмалар ва асбоб-ускуналар ўрнатиш белгиланган.

Лойиҳа асосида бугунги кунда вилоятимизда жой- лашган Андижон радиотелевизион станциясига Rohde&Schwarz (Германия) NEC (Япония) компанияларининг юқори қувватли рақамли узаткич қурилмалари олиб келиб ўрнатилиб, ишга туширилди.

Вилоятимизнинг бориш қийин бўлган тоғорти ҳудудларида жойлашган аҳолини рақамли телевидение сигналлари билан таъминлаш мақсадида 8 та кам қувватли станциялар ташкил этиш режалаштирилган эди. Бугунги кунда ушбу режа ижроси юзасидан 6 та кам қувватли станцияларга рақамли узаткич қурилмалари ўрнатилди ва тест режимида ишга туширилди. Қолган иккита станцияни ҳам ишга тушириш мақсад қилинган.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 17 июлда «Рақамли телеэшиттиришларга ўтиш ва ер усти аналог телеэшиттиришларни тўхтатишга доир амалга ошириладиган чора-тадбирлар тўғрисида»ги 502-сонли қарори чиқди. Ушбу қарорнинг ижросига кўра, 90 комплект юқори қувватли ва 404 комплект кам қувватли рақамли телеэшиттириш узаткичларини ўрнатиш ва фойдаланишга топшириш ҳисобига мамлакатимизнинг барча аҳоли пунктлари рақамли телеэшиттиришлар билан қамраб олиниши белгиланган. Ўзбекистон Республикасида ер усти аналог телеэшиттиришларни босқичма-босқич тўхтатиш жадвали тасдиқланган. Ушбу қарорга мувофиқ, вилоятимизда юқори қувватли аналог узаткич қурилмалари (8 дона) ҳамда 2018 йил июль ойида эса кам қувватли аналог узаткич қурилмалари (5 дона) эфирдан узилиши белгиланган.

Бир сўз билан айтганда, тизимдаги ишлар кўлами жуда кенг. Кутилган натижага эришиш катта меҳнат талаб этади. Рақамли телерадиоэшиттириш тармоғининг ривожланиши, пировардида, жамиятда сўз ва ахборот эркинлиги кучайишига хизмат қилади.

Алишер Раҳимов,

Андижон радиотелеузатиш маркази директори.