Андижон 24

ПРОФИЛАКТИК ТАДБИРЛАРДА 15 ТА ТИҒЛИ БУЮМЛАР ОЛИНДИ


28.01.2020   1115

Пайшанба – ҳуқуқбузарликлар профилактикаси куни муносабати билан Шаҳрихон туманида ҳуқуқ-тартибот идоралари, давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигида кенг қамровли тадбирлар ташкил этилди. Вилоят ички ишлар бошқармаси вакили иштирок этган йиғинда соҳавий йўналишларидан келиб чиқиб вазифалар юкланар экан энг асосий мақсад фуқаролар тинчлиги, хотиржамлигини таъминлаш, турли хил жиноятларнинг келиб чиқишига йўл қўймаслик, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш, ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликларга йўл қўймасликка ҳисса қўшишдан иборат эканлиги таъкидланди. Шундан сўнг ишчи гуруҳлар шакллатирилиб, ҳудудларда иш олиб бориш учун йўналтирилди. Туман марказида аҳолининг ҳушёрлигини ошириш, турли хил кўнглсизликларга йўл қўймасликка чақириш мақсадида махсус транспорт воситаларининг юриши ўтказилди ҳамда автомашинанинг йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида аянчли ҳолатга келиб қолгани намойиш этилди.

Қишли-қировли кунларда йўлларнинг сирпанчиқлиги, қор, туман ҳайдовчи ва пиёдаларга ноқулайликларни вужудга келтиради. Бундай вақтларда ҳушёрликни ошириш, тезликни камайтириш талаб этилади. Вилоят ички ишлар бошқармаси Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси, туман ички ишлар бўлими, йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлинмаси бошлиқлари автотураргоҳларда ҳайдовчилар ва фуқаролар билан суҳбат ўтказдилар. Унда кейинги кунларда содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаларининг сабаб ва оқибатлари ҳақида атрофлича маълумот берилди. Шу кунларда йўлларда хавфсизликни таъминлаш учун эътибор қаратиш лозим бўлган жиҳатларга тўхталиб, олиб борилаётган тарғибот ишларининг мақсади тушунтирилди.

“Ўз уйингни, ўз фарзандингни ўзинг асра” шиори остида ўтказилган профилактик тадбирларда аҳолининг турмуш тарзи, эҳтиёжлари, муаммоларига эътибор қаратилди. Жиноятчиликнинг олдини олиш, томорқалардан унумли фойдаланиш, фарзандлар тарбияси билан жиддий шуғулланиш бўйича тавсиялар берилди.

- Ички ишлар ва бошқа идора вакиллари хонадонимизда ўрганишлар ўтказиб, тинчлигимиз, ҳаётимиз фаровонлиги, ҳужжатларимиз тўкислиги учун ўз йўналишлари бўйича маслаҳат, амалий ёрдам бераётганидан мамнунмиз, - дейди фуқаро Шуҳратбек Каримбобоев.

Ёш авлодни баркамол инсонлар қилиб тарбиялаш, келажакда комил шахс бўлиб етишига эришиш бугуннинг долзарб вазифасига айланган. Тумандаги 4-умумий ўрта таълим мактабида ўтказилган суҳбат ҳам шу мавзуда бўлди. Ўқувчиларнинг дарсларга қатнови ўрганилиб, “тиғ” тадбири ўтказилди.

- Участка нозири билан мустаҳкам алоқа ўрнатганмиз, - деди мактаб директори Махфузахон Хомидова. – Ўқувчилар билан мулоқотлар жараёнида кўплаб муаммоли масалалар ҳал бўлмоқда. Уларнинг юриш-туриши, муомиласида ижобий томонга ўзгаришлар кузатилмоқда.

Жиноятчиликка қарши курашиш, уни олдини олишда ички ишлар органларининг жазони ўташ жойларидан бўшатилган шахслар устидан ўрнатадиган маъмурий назорати муҳим аҳамиятга эгадир.

- Қайта жиноят содир этилишининг олдини олишга хизмат қилаётган бу тамойил яхши самара бермоқда, - дейди туман ички ишлар бўлими бошлиғининг ўринбосари Муҳаммадали Мирзаев. – Бугунги сайёр суд давомида илгари судланган 8 нафар шахсларга нисбатан маъмурий назорат ўрнатилди.

Туман ички ишлар бўлими бошлиғи уюшмаган ёшлар билан доимий равишда давра суҳбати ўтказиб келмоқда. Навбатдаги учрашувга Дўлан ва унинг атрофидаги маҳаллаларда истиқомат қилувчи муқим иш ўрнига, касб-ҳунарига эга бўлмаган, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагида бўлган ёшлар таклиф этилдилар. Унда 30 нафар ёшларнинг масалалари ҳал этилиб, 12 нафарининг бандлиги таъминланди.

Йил бошидан олиб борилган тадбирлар давомида 1 та очилмай келаётган ўғирлик жинояти фош этилди, 1 нафар қидирувдаги шахс ушланди. 3 та қимор ўйнаш, 1 та диний мазмундаги материталларни қонунга хилоф равишда сақлаш, тайёрлаш, тарқатиш, 1 та ноқонуний диний сабоқ бериш ҳолатлари аниқланди. Норкология диспансерига спиртли ичимликларга ружу қўйган шахсларнинг 5 нафари ихтиёрий, 1 нафари суд қарори билан мажбурий даволанишга юборилди. “Тиғ” тадбири давомида 15 та хавфли буюмлар олиниши таъминланди.

М.ТЎХТАНАЗАРОВ.