Андижон 24

ПРЕЗИДЕНТИМИЗНИНГ АНДИЖОН ВИЛОЯТИГА ТАШРИФИ БОШЛАНДИ


16.05.2019   1971

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жойларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, йирик лойиҳалар билан яқиндан танишиш ҳамда аввал берган топшириқлари ижроси билан танишиш мақсадида 16 май куни Андижон вилоятига келди.

Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида вилоят ҳар томонлама ривожланди, шаҳар ва қишлоқлар обод бўлиб, аҳолининг турмуш фаровонлиги юксалди. Айниқса, саноат, қурилиш, фармацевтика, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, ижтимоий соҳаларни ривожлантиришда салмоқли натижаларга эришилди. Барча макроиқтисодий кўрсаткичлар бўйича ўсиш кузатилди.

2018 йилда инвестиция дастури доирасида умумий қиймати 1,8 триллион сўмга тенг бўлган 411 та лойиҳа амалга оширилди, 12 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилди.

Хорижий инвестициялар иштирокидаги лойиҳаларни амалга ошириш ҳисобига 20,7 миллион АҚШ доллари миқдорида импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар, Олтинкўл туманида йилига 33 миллион жуфт тиббий қўлқоп ишлаб чиқариш қувватига эга йирик корхоналар фойдаланишга топширилди.

Вилоятда 2018 йилда 211,2 миллион АҚШ доллари миқдорида маҳсулот экспорт қилиниб, белгиланган прогноз 124,2 фоизга бажарилди. Ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар Хитой, Жанубий Корея, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Афғонистон, АҚШ, Ҳиндистон, Исроил сингари дунёнинг 15 дан ортиқ давлатларига экспорт қилинаётир.

Сув, электр таъминоти ва йўл қурилиш соҳасида амалга оширилган ишлар салмоқли бўлди. Жумладан, ўтган йили умумий қиймати 305,6 миллиард сўм бўлган 305 дона сув қудуғи, 1 минг 228 километр сув, 608,7 километр узунликдаги электр узатиш тармоғини қуриш, 670 километр узунликдаги ички йўлларни таъмирлаш ишлари бажарилди, 294 та трансформатор ўрнатилди.

Президентимиз ўтган йилнинг 19-20 май кунлари вилоятга қилган ташрифида ижтимоий-иқтисодий ривожланиш жараёни, қатор йўналишлардаги ишлар, янги лойиҳалар билан танишиб, уларни амалга ошириш юзасидан топшириқлар берган эди. Ўтган вақт мобайнида ана шу топшириқлар ижросини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилди.

“Обод қишлоқ” дастури доирасида вилоятдаги танлаб олинган 50 та маҳаллада кенг кўламли қурилиш, ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Натижада қатор маҳаллалар намунали маҳаллага айлантирилиб, одамлар учун муносиб турмуш шароити яратилди.

Андижон шаҳар Мустақиллик маҳалласидаги барак типидаги уйларда истиқомат қилаётган аҳолининг яшаш шароитларини яхшилаш мақсадида Хўжаобод туманидан 54 гектар ер майдони ажратилиб, янги “Мустақилликнинг 27 йиллиги” маҳалласи барпо этилди. Бу ерда 1000 та арзон намунавий уй-жой, 2 та мактаб, 2 та мактабгача таълим муассасаси, оилавий поликлиника, маданият маркази, қатор савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари ҳамда 500 иш ўринли тикувчилик цехи бунёд этилди.

Инвестиция дастурига мувофиқ 40 та мактабгача таълим муассасасида 97 миллиард сўмлик “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” дастури доирасида 30 та муассасада 47,5 миллирад сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилди. Бундан ташқари, маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 178 та мактабгача таълим муассасасида жорий, капитал таъмирлаш ва реконструкция ишлари амалга оширилди. Шунингдек, 2018 йилда 168 та хусусий мактабгача таълим муассасаси ташкил этилди.

Президентимизнинг навбатдаги ташрифи давомида вилоятни янада ривожлантиришга қаратилган қатор лойиҳаларнинг амалга оширилиши, аввалги ташрифда берган топшириқларнинг ижроси, аҳолининг талаб-эҳтиёжлари билан бевосита танишиш кўзда тутилган.

Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ, ЎзА